Омбудсман: ёпиқ муассасалардаги шароитлар ўрганилди

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан жазони ижро этиш муассасалари билан бир қаторда бошқа турдаги ёпиқ муассасалардаги шарт-шароитлар ҳам мунтазам ўрганиб борилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ҳолатини бевосита ўрганиш, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг фикрлари, мурожаатларини эшитиш орқали ҳақиқий ҳолатга баҳо бериш, энг муҳими, қонунбузарликларнинг олдини олишдир.
Зеро, инсон ким бўлишидан қатъий назар, миллий ва халқаро ҳужжатларга мувофиқ, унга тазйиқ ўтказиш, ҳуқуқларини поймол қилиш мумкин эмас.
Омбудсман томонидан жорий ҳафта давомида бир қатор пенитенциар муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидаги 37-сонли манзил-колонияси ва 7-сон тергов ҳибсхонаси, Андижон вилоятида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхонаси, Қўрғонтепа тумани вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий маркази Андижон минтақавий филиали, Жалақудуқ ва Қўрғонтепа бўлими мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган 6-сон тергов ҳибсхонаси, Бухоро вилоятидаги 4-сон тергов ҳибсхонаси, Сурхондарё вилоятида жойлашган Музработ тумани вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ва мастлик ҳолатида бўлган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ҳамда Тошкент шаҳар 1- сонли “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйидаги шароитлар ўрганилди.
Мониторингда Омбудсманнинг минтақавий вакиллари билан бир қаторда жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этди.
Мониторинг ташрифлари давомида жазо муддатини ўтаётган ва ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, ошхона, тиббиёт бўлими, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситаларини сақлаш жойлари, спорт заллари, тўгараклар хонаси, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, тинтув хонаси, сайлгоҳ, терговчи, адвокатлар ва онлайн суд хоналаридаги шароитлар, меҳнатга жалб қилинган шахсларнинг иш жараёнлари, ҳудудлардаги видеокузатув камералари ҳамда иссиқлик таъминоти ҳолати ўрганилди.
“Омбудсман қути”ларидаги мурожаатлар қабул қилиниб, маҳкум ва маҳкумалар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ўзаро суҳбатлар жараёнида ёпиқ муассасалардаги шароитлар, ходимларнинг муомаласи, меҳнат ҳуқуқларининг таъминланиш ҳолати ҳақидаги фикрлар тингланди.
Мониторинг ташрифлари якунларига кўра, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсман таъсир чоралари шаклдаги ҳужжатлар киритилади.