Америкага бўйсуниш ҳалокатга олиб келади!: Ҳизбуллоҳ Ливан ҳукуматига кўрсатма бермоқда

"Ҳизбуллоҳ" ташкилотининг бош котиби Наим Қосим Ливан ҳукуматини Байрут халқаро аэропортига Эрон самолётларининг қўнишини тақиқлаш тўғрисидаги қарорини қайта кўриб чиқишга даъват этди. Бу ҳақда у Al Manar телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ливан ҳукумати февраль ойида АҚШнинг босими остида, Исроил аэропортни бомбардимон қилиши мумкинлигидан хавотирланиб, шундай қарор қабул қилган.
"Эрон Ливанга дўст давлат бўлиб, турли сабабларга кўра ливанликларга ёрдам беришдан бош тортаётган кўпчиликдан фарқли ўлароқ, халқимизга зарур кўмакни кўрсатмоқда, - деди у. - Шу боис Байрут ва Теҳрон ўртасидаги ҳаво алоқаси тикланиши лозим."
Қосим "Америка кўрсатмаларига бўйсуниш Ливанни ҳалокат ёқасига олиб келиши мумкинлиги" ҳақида огоҳлантирди.
"Ҳизбуллоҳ" тарафдорлари 13, 14 ва 15 февраль кунлари Ливан ҳукумати Эроннинг Mahan Air компанияси самолётларини қабул қилишни рад этгани сабабли Байрут халқаро аэропортига олиб борувчи йўлни тўсиб қўйган эди.