Расман: Самвел Бабаян “Навбаҳор”ни тарк этди

Расман: Самвел Бабаян “Навбаҳор”ни тарк этди

Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Самвел Бабаян жамоани тарк этди.

Бу ҳақида жамоа матбуот хизмати маълум қилди.

“Клуб бош мураббийи Самвел Бабаяннинг соғлиғида муаммолар юзага келганлиги ва даволаниш кўп вақтни талаб этиши боис, “Навбаҳор” клуби раҳбарияти ҳамда жамоа бош мураббийи ўртасидаги ўзаро келишувга асосан, Самвел Бабаяннинг клуб билан тузилган шартномаси бекор қилинди. Эслатиб ўтамиз, Самвел Бабаян 2021 йилги мавсум якунланганидан сўнг, жамоага бош мураббий этиб тайинланганди.

Самвел Вячеславович бошқарувида “Навбаҳор” Суперлигада 2022 йили 2-ўрин, 2023 йили эса 3-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон кубоги баҳсларида эса 2022 йили финалга, 2023 йили эса ярим финалга қадар етиб борди.

Шунингдек, ўз тарихида илк марта Осиё Чемпионлар лигаси (ОЧЛ)нинг 2023/2024 йиллар мавсуми баҳсларида иштирок этган “лочинлар” қитъамизнинг мазкур нуфузли мусобақасининг 1/8 финалигача етиб борган”, — дейилади клуб баёнотида.

Бабаян қўл остида “лочинлар” ортда қолган 2,5 йил давомида Суперлигада 64 та ўйин ўтказиб, 33 ғалаба, 20 та дуранг ва 11 та мағлубиятни қайд этиб, тўплар нисбати 83:45 ни ташкил этган ҳолда, жами 119 очко тўплаган.

Мутахассис бундан аввал “Пахтакор”, “Спартак”, “Локомотив”, “Чанчун Ятай” ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб борган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!