Қозоғистон регулятори Toncoin криптовалютаси билан савдо қилишни маъқуллади

Қозоғистон регулятори Toncoin криптовалютаси билан савдо қилишни маъқуллади

Қозоғистон молия бозори регулятори Toncoin рақамли активини лицензияланган савдолар учун маъқуллади, деб хабар берди Остона халқаро молия марказига (ОХММ) таяниб Spot.

Қарор Молиявий хизматлар бошқармаси (AFSA) томонидан «Toncoin'нинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини ҳар томонлама кўриб чиқиш» натижасида қабул қилинди. Молиявий хизматлар бошқармаси Остона халқаро молия марказида молиявий хизматларни назорат қилиш учун ташкил этилган мустақил тартибга солувчи органдир.

Энди инвесторлар Toncoin криптовалютасини AFSA лицензиясига эга платформаларда эркин савдо қилишлари мумкин.

Toncoin’нинг ОХММ томонидан тартибга солинадиган муҳитга қўшилиши хавфсиз ва шаффоф савдо имкониятларини излаётган институционал ва чакана инвесторларнинг янги тўлқинини жалб қилиши кутилмоқда.

Бу қарор Павел Дуровнинг Қозоғистонга ташрифи чоғида қабул қилинди. Қозоғистоннинг рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазири Жаслан Мадиев Павел Дуров республикага департамент таклифига биноан ташриф буюрганини таъкидлади.

«Биз инсон капитали ва таълимга катта эътибор берамиз. Ҳозир фикр алмашяпмиз. Бизда кўрсатадиган нарсаларимиз бор. Ўйлайманки, у биздан ҳам нимадир олиб, тенденцияларни ўргана олади», — дея изоҳ берди вазир.

Toncoin — бу The Open Network (TON) блокчейн платформасида яратилган криптовалюта. Дастлаб, лойиҳа Telegram Open Network деб номланган ва Telegram томонидан блокчейн платформаси сифатида ишлаб чиқилган. Эндиликда Toncoin TON тармоғида рақамли актив сифатида ишлатилмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!