БМТ бош котиби Юқори Чирчиқдаги йирик фотоэлектр станциясини бориб кўрди

БМТ бош котиби Юқори Чирчиқдаги йирик фотоэлектр станциясини бориб кўрди

Шавкат Мирзиёев таклифига биноан расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 1 июнь куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган Аcwа Power Riverside Solar қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди.

ЎзАнинг хабар қилишича, дастлаб олий мартабали меҳмонга 2030 йилгача Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантириш стратегияси, муқобил энергия ишлаб чиқариш соҳасида қувватларни яратиш дастури ҳақида тақдимот қилинди.

Жумладан, Саудия Арабистонининг АCWА Power компанияси томонидан Тошкент вилоятида қиймати 400 миллион долларлик, 200 мегаватт қувватига эга бўлган лойиҳа амалга оширилди. Бунинг учун 460 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 150 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, кейинчалик Паркент туманида 500 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилади.

Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 130 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилиб, атмосферага 180 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади.

Асосий мақсад аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришдир.

БМТ бош котиби Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини айтиб ўтди. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга эришишга хизмат қилиши таъкидланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!