Еврокомиссия Telegram’га қарши суриштирув бошлаши мумкин

Еврокомиссия Telegram’га қарши суриштирув бошлаши мумкин

Европа қадриятлари ва очиқлик бўйича еврокомиссар Вера Йоурованинг айтишича, мессенжер фойдаланувчи сони бўйича ишончсиз маълумотлар тақдим этаётганида гумонланаётгани суриштирувга сабаб бўлмоқда, деб ёзади Süddeutsche Zeitung.

2 июн куни Еврокомиссия раҳбари ўринбосари Вера Йоурова Bloomberg агентлигига берган интервюсида Еврокомиссия Telegram мессенжерининг Европа Иттифоқидаги фойдаланувчилари сонини текширишини айтган эди. Ўшанда у Telegram’нинг расмий маълумотларига кўра, Европа Иттифоқидан 42 млн фойдаланувчи рўйхатдан ўтганини таъкидлаган эди.

Вера Йоурованинг сўзларига кўра, реал фойдаланувчилар сони расман эълон қилинганидан кўпроқ ва Еврокомиссия «Telegram’ни чуқурроқ ўрганиши»га тўғри келади. Йоурованинг эслатишича, рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунга кўра, платформалар дезинформация тарқатилиши, наркотрафик ва контрабандага қарши курашиш учун мажбуриятни ўз зиммаларига олишлари керак.

Бунгача Европа Иттифоқи Telegram’ни қатъий тартибга солинмаганини таъкидлаб, мессенжерни дезинформация тарқатаётганликда айблаган эди.

Telegram расмий маълумотларига кўра, унинг европалик фойдаланувчилари сони 45 млнга етмаслиги сабаб у йирик рақамли платформалар учун қатъий тартибга солиш остига тушмайди.

«Telegram’да дезинформация очиқ ва мутлақо назоратсиз тарқатилмоқда», – деган Эстония бош вазири Кая Каллас. Контентни ўчириш учун берилган талабномалар кўпинча эътиборсиз қолдирилади, деган у.

Европа Иттифоқи яқинда Европа сайловларида ёвуз ниятли инсонларнинг дезинформация тарқатишига халақит бериш мақсадида ноқонуний ва зарарли контентларга қарши курашиш бўйича ўз ваколатларини кенгайтириб олди.

Бироқ, Telegram’га келганда бу чоралар самарасиз — чиндан самарали воситаларни фақат Европада 45 млн актив фойдаланувчиларга эга платформаларга қўллаш мумкин. Telegram’да эса, юқорида қайд этилганидек, расман 42 млн фойдаланувчи бор.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!