ШҲТ Астана саммитидан бошлаб тўлақонли “Шанхай ўнлиги” форматида ишлайди

ШҲТ Астана саммитидан бошлаб тўлақонли “Шанхай ўнлиги” форматида ишлайди

Астана саммитидан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тўлақонли “Шанхай ўнлиги” форматида ишлайди. Бу ҳақда Қасим-Жомарт Тоқаев Хитойнинг Синьхуа агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Шахсан менинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти билан алоҳида муносабатим борлигидан бошласам. 1996 йил апрель ойида мен уни яратиш, музокаралар олиб бориш ва ҳужжатларни тайёрлашда қатнашиш имконига эга бўлдим. “Шанхай бешлиги” ташкил этилишининг бошиданоқ ўз амбицияларини кўрсатиб келган ва бугунги кунгача сақланиб қолган асосий мақсади ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари атрофида шаклланган. Жорий йилнинг 3 июлида, чорак асрдан сал кўпроқ вақт ўтиб, Қозоғистонга қайтган Шанхайлик катта оиланинг йиғилиши жуда рамзий маънога эга. Шу йиллар мобайнида “Шанхай бешлиги” таркиби икки баробарга кўпайди ва Астанадаги саммитдан бошлаб ташкилот “Шанхай ўнлиги” форматида ишлайди", - деди Давлат раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаев ШҲТга раислик ўта муҳим ва айни пайтда жуда масъулиятли миссия эканини таъкидлади.

“Ташкилот асосчиларидан бири ва кўп томонлама мулоқотни ривожлантиришнинг фаол тарафдори сифатида Қозоғистон Ташкилотни ўзининг мувозанатли ташқи сиёсатида доимий устувор йўналиш деб билади. Президентлик фаолиятимиз тамойиллари ва кенг кўламли кун тартибини ишлаб чиқишда ҳам ана шу мотивлар туртки бўлди. Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз хавфсизлик муаммоларини ҳал этишнинг умумий йўлларини ишлаб чиқиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўмаклашиш ва халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилади”, — деди Қасим-Жомарт Кемелули.

Президент таъкидлашича, ташкилотнинг йирик халқаро ва минтақавий тузилмалар билан алоқаларини кенгайтириш орқали унинг халқаро обрўсини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифадир. 150 дан ортиқ тадбирлар аллақачон ўтказилган: Нью-Йоркдан Пекингача, Найробидан Москвагача. Шу тариқа, ШҲТ ҳамкорлари доираси кенгаяди, ҳуқуқий база қатор ҳужжатлар билан тўлдирилади.

“Бизнинг раислигимизнинг кульминацион нуқтаси Астанадаги саммит бўлади, биз бунга алоҳида эътибор қаратамиз. Биз ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш соҳасида муҳим стратегик қарорлар қабул қилинишини кутамиз. Ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади, мавжуд чақирув ва таҳдидларга адекват ва ўз вақтида жавоб бериш бўйича ташаббуслар ишлаб чиқилади. Фурсатдан фойдаланиб, ШҲТга аъзо барча давлатларга Қозоғистон раислиги ташаббусларини қўллаб-қувватлагани, бизнинг таклифларимиз билан ҳамкорлик қилгани ва биз илгари сурган устувор йўналишлар доирасидаги биргаликдаги фаолияти учун самимий миннатдорлик билдираман. Биз саммитнинг якуний қарорларида “Шанхай руҳи”нинг асосий тамойиллари – ўзаро ишонч, дўстлик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тўлиқ қамраб олинишини кутамиз”, — деди Президент.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!