Муқобил энергетикани ривожлантириш масалалари юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди

Муқобил энергетикани ривожлантириш масалалари юзасидан жамоатчилик эшитуви ўтказилди

Олий Мажлиси Сенати “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси юзасидан “Муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш, хусусан аҳоли, тадбиркорлик субекти ва ижтимоий обектларда қуёш стансияларини ўрнатиш” мавзусида жамоатчилик эшитуви ташкил этилди. Унда Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда “яшил” энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, шу жумладан, аҳоли, тадбиркорлар ва ижтимоий соҳа обектларида қуёш панелларини ўрнатиш орқали энергия тежамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини яна-да кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шу боис мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиши масаласи долзарб ҳисобланиб, бу борада сўнгги йилларда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар такомиллаштирилди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларга кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланилган ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субектини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди.

Хусусан, 2023-йил 1-апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда.

Шунингдек, аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига минг сўмдан субсидия ажратилиши қонунчиликда белгилаб қўйилди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкор технологиялар жорий этилишида истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг электрон платформаси (energymarket.uz) ишга туширилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг июн ойи ҳолатига республика бўйлаб 10 437 та ижтимоий соҳа обекти ва давлат идораларида умумий қуввати 209,9 МВт қуёш панеллари ва 778,0 минг литр гелиоколлекторлар, 12 967 та тадбиркорлик субектида 193,2 МВт ҳамда 667 та кўп қаватли уйда умумий қуввати 8,84 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз Президентининг 2023-йил 16-февралдаги ПҚ-57-сонли қарорига кўра ташкил қилинган “Яшил энергия” компанияси томонидан ҳар бир ҳудудга 2 та дан вакил бириктирилди ва улар томонидан манзилли рўйхат шакллантирилган.

Унга кўра “Яшил энергия” компанияси томонидан республика бўйича 895 та ижтимоий соҳа обекти ва давлат идораларига жами 40 МВт қувватда қуёш панеллари ўрнатилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан аҳолига жами 72,9 млрд сўм миқдорида “яшил истеъмол кредитлари ажратилган.

Шу билан бирга жамоатчилик эшитувида муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим муаммолар сақланиб қолаётганига эътибор қаратилди.

Хусусан, сенаторлар томонидан қуёш панелларини ўрнатиш учун кредит маблағининг ажратилиши, ўрнатилган қуёш панеллари учун солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби ва фойдаланишдаги қуёш панелларига ўз вақтида сервис хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммолар ва вазифалар муҳокама қилинди.

Эшитув якуни бўйича муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга тавсиялар берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!