Ёшлар қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди

Ёшлар қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқот давом этмоқда.

Сўзга чиққан йигит-қизлар бир қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.

Жумладан, мустақил Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганининг 30 йиллигига темир йўл соҳасида халқаро форум ташкил қилиш, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ёшлари билан экологик масалаларни доимий муҳокама қилиш мақсадида Халқаро кенгаш тузиш таклиф қилинди.

Юртимизда органик маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш, “Иқтидорли ёш кадрлар” электрон платформасини ишга тушириш, “Келажак касблари лойиҳаси” доирасида тил ўрганиш тартибини такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.

Шунингдек, ёшлар кўчма “Шеърият театри”ни ташкил этиб, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти асарларининг таржималарини халқаро оммага етказиш ташаббуслари илгари сурилди.

Топ-100 таликка кирган университетларга кириш тартиблари, грант ютиш сирлари, бу олийгоҳларда ўқиш учун қандай стратегия тузиш бўйича ёшларимизни ўргатиш мақсадида оромгоҳлар ташкил этиш ва онлайн-платформа яратиш ва бошқа таклифлар ҳам билдирилди.

Президентимиз мулоқот чоғида билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!