Жанубий Кореяда автомашина оломон устига ҳайдаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Жанубий Кореяда автомашина оломон устига ҳайдаши оқибатида 9 киши ҳалок бўлди

Жанубий Кореяда 1 июль куни автомобиль ҳайдовчиси оломон устига назоратсиз тарзда транспорт воситасини ҳайдаб бориши оқибатида камида 9 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Корея маҳаллий нашрларига таяниб, BBC хабар берди.

Ҳодиса мамлакат пойтахти Сеул шаҳрида юз берган. Расмийлар ҳалокат 1 июль куни соат 21:30 да содир бўлганини хабар берган.

Yonhap агентлиги хабарига кўра, 60 ёшлар атрофидаги эркак машинасини тўхташ жойида турган пиёдалар устига ҳайдаган — 9 киши ҳодисада ҳалок бўлиб, яна 4 киши жиддий яраланган.

Полиция воқеа юзасидан суриштирув олиб борилаётганини хабар берган. Қурбонлар сони ортиши мумкинлигидан хавотир билдирилган.

Расмийлар воқеа Сеул шаҳри ҳокимияти яқинидаги чорраҳада содир бўлганини тасдиқлаган. Воқеа жойида қўлга олинган ҳайдовчи полицияга машина тўсатдан тезлашганини айтган. Олти киши воқеа жойида ҳалок бўлган, яна уч киши олган жароҳатлари оқибатида кейинчалик касалхонада вафот этган.

Сеул полицияси 68 ёшли ҳайдовчининг ҳодисани қасддан содир этгани эҳтимолини текшираётганини маълум қилган. Автомобилда техник носозлик ва шунга ўхшаш муаммолар бўлмаган. Қасддан одам ўлдириш айблови ўз тасдиғини топса, ҳайдовчига бутун умрлик қамоқ жазоси ва катта миқдорда товон пули тўлаш тартиби тайинланиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!