Путин яшил чироқ ёқди: Асад Эрдўғоннинг олдига боради

Путин яшил чироқ ёқди: Асад Эрдўғоннинг олдига боради

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Сурия етакчиси Башар ал-Ассад ўртасида яқин орада учрашув бўлиб ўтиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Туркия ва Сурия етакчилари охирги марта 2011 йилда учрашган эди.

Кузатувчиларга кўра, бу учрашув 3-4 июль кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остонадаги саммитида бўлиб ўтиши мумкин. Аммо расмий Анқара ҳозирча сукут сақламоқда, бу умуман табиий - бу турдаги маълумотларни охирги лаҳзагача ошкор қилмаслик истаги Туркия сиёсатининг ўзига хос хусусиятларидан биридир.

Мисол учун, жаҳон матбуоти Эрдўғоннинг Қатардаги жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида бўлиб ўтган Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси билан учрашуви ҳақида Туркия президенти Анқарага қайтганидан кейингина хабар топди.

Қайд этиш жоизки, Анқара ва Дамашқ ўртасидаги ўта мураккаб, моҳиятан душманлик муносабатларига қарамай, сўнгги тўрт йил давомида махсус хизматлар раҳбарлари даражасида ўн тўртта икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди, уларда нафақат хавфсизлик, балки разведка маълумотларини алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди, шунингдек, икки давлат раҳбарларининг учрашуви учун ахборот ва сиёсий замин пухта ва секинлик билан тайёрланди.

Бу эса, табиийки, Сурия режимига ўз таъсирини Туркия билан бўлишиш учун асосга эга бўлмаган Россия ва Эрон раҳбариятига тўғри келмади. Натижада Эрдўғон ва Асад ўртасида аллақачон қарор қилингандек туюлган учрашув бир неча бор бузилди.

Хусусан, икки давлат раҳбарларининг 2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида учрашиши кутилганди, бироқ сўнгги лаҳзада Теҳрон ўз таъсирини ишга солиб, Асадни бу тадбирда иштирок этишига тўсқинлик қилишга муваффақ бўлди.

Сиёсий кузатувчиларга кўра, бурилиш нуқтаси Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фиданнинг Москвага ташрифи бўлди, ўшанда президент Владимир Путин Эрдўғон ва Асад ўртасидаги учрашувга яшил чироқ ёқди.


Президент Путиннинг Фидан билан учрашувидан сўнг ўзининг махсус вакили Александр Лаврентевни Эрдўғон билан Сурия-Туркия саммити тафсилотларини муҳокама қилиш учун Дамашққа юбориш қарори ҳам узоқ кутилган Туркия-Сурия ярашув жараёни бошланганига далил бўлди.


Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Башар ал-Ассад ўртасида кутилаётган учрашув Туркия сиёсатидаги Сурия векторида жиддий ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигига шубҳа йўқ.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!