Қашқадарёда одамларни чув туширган собиқ ИИБ ходими ва унинг шериги қўлга олинди

Қашқадарёда одамларни чув туширган собиқ ИИБ ходими ва унинг шериги қўлга олинди

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида ўзини прокуратура ходими деб таништириб, фуқаролардан алдов йўли билан пул олган икки собиқ ИИБ ходими ва унинг шериги қўлга олинди. Бу ҳақда NasafNews хабар берди.

Хабарга кўра, 28—29 сентябрь кунлари ДХХ Муборак шаҳар бўлинмаси ва департамент Муборак туман бўлими, ДХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ва Муборак тумани прокуратураси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тезкор тадбирда ўзини прокуратура ходими деб таништириб юрган 41 ёшли муқаддам судланган собиқ ички ишлар бўлими ходими К.Ж. ва 35 ёшли Э.З. ушланган.

Улар 1991 йилда туғилган фуқаро О.Ж.ни Eriell компаниясига ишга киритиб қўйишини айтиб, алдов йўли билан 3000 доллар талаб қилган. Шундан 1000 доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шунингдек, олиб борилган суриштирувлар давомида К.Ж. ва Э.Л. ишга киритиб қўйишини айтиб, алдов йўли билан Муборак туманида яшовчи фуқаролар С.Н.дан 1000 доллар, Ю.С.дан 1000 доллар ва А.У.дан 10 миллион сўм қийматидаги пул маблағларини олганлиги аниқланган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!