BSSI: Саудия Арабистони қийин танлов қаршисида

BSSI: Саудия Арабистони қийин танлов қаршисида

ҲАМАС 7 октябрда Исроилга ҳужум қилмасидан аввал Саудия Арабистони Эрон тажовузидан ҳимояланиш ва АҚШнинг тўлиқ ҳимояси остига ўтишини кўзда тутувчи муҳим музокараларни олиб бораётган эди. Бу ҳақда Қора денгиз стратегия институти (BSSI) таҳлили эълон қилинди.

Унга кўра, Саудия Исроилни тан олиши, Қўшма Штатлар эса Ар-Риёдга катта ҳажмда қурол-яроғ сотиши, ядро дастурининг тўлақонли циклини ишга тушириши керак эди. Бироқ Ғазодаги вазият музокараларни музлатиб, Саудияни “бир-биридан хавфли” икки танлов қаршисида қолдирди.

Агар Исроил Саудия Арабистони томонидан тан олинса ва улар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилса, Қўшма Штатлар ҳарбий шартнома тузишга тайёр эди.

Саудия Арабистони, бир томондан, Исроил билан муносабатларини нормаллаштирган ва бундан ҳеч нарса йўқотмаган БАА ва Баҳрайн мисолини кўрди. Бошқа томондан, Қироллик Форс кўрфазининг митти давлати эмаслигини ва мусулмон дунёсида муқаррар равишда катта обрўсини йўқотишини яхши билган ҳолда, Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришга олдиндан келишиб, Фаластин мустақиллигини тан олиш шартини қўйди.

Мазкур музокаралар секин бўлса-да давом этаётганди, аммо 7 октябрь воқеалари рўй берди. Исроилнинг Ғазода ўн минглаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган ва бугунги кунгача тугамаган тўлақонли уруш кўринишидаги жавоби Саудия Арабистонини бу борадаги барча музокараларни музлатиб қўйишга ва Ғазодаги урушга қарши чиқишга мажбур қилди.

Кейинроқ эса Дамашқдаги консуллик билан боғлиқ апрель ойидаги воқеа содир бўлди ва Эроннинг бунга кечиккан жавоби ҳеч қандай натижасиз якунланди. Бу муваффақиятсизликнинг сабабларидан бири айнан Саудия Арабистони бўлиб, у парда ортида разведка хизматлари орқали Исроилга етарлича қимматли разведка маълумотларини тақдим этди ва бу Исроилга Эрон зарбасини йўққа чиқаришда катта ёрдам берди.

Теҳрон Исроилга Эрон зарбасини қайтаришга ёрдамлашган барчани “ҳисобга олиб қўйгани”ни расман эълон қилиб, қасос олишга ваъда берди.

Айнан шу таҳдид ҳозирда АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги музокараларни "музлатиб қўйди", аммо Қиролликни қийин, “бир-биридан ёмон” танлов қаршисида қолдирди.

Саудия Арабистони туб аҳолисининг тахминан 16 фоизи (олтидан бир қисми) шиалар бўлиб, улар эронпараст ҳисобланади ва бу кайфият диний раҳнамоларнинг мунтазам равишда қатл қилинаётган бир пайтда асли йўқолгани йўқ. Аҳолининг бундай фоизи мамлакатни беқарорлаштириш учун жуда етарли ва Саудия ҳозирча шиаларни на армияга, на разведка хизматларига яқинлаштирмаслик, Саудлар қироллик хонадонида лобби яратишларига йўл қўймаслик ҳисобига бу балодан қутилиб турибди.

Айни пайтда аллақачон Эроннинг “вилоятлари”га айланган ҳамда “Ҳумайний” лойиҳаси амалга оширилаётган Сурия, Ливан ва бошқалар давлатлардаги шиа аҳолиси фоизи ҳали камроқ. АҚШ ҳимоясисиз, 1932 йилда пайдо бўлган, қисман сунъий давлат ҳисобланган Саудия Арабистони шиаларнинг жамланган ҳужумига дош бера олмаслиги мумкин, айниқса араб дунёсидаги баъзи суннийлар Саудия Арабистонини эмас, балки Эронни қўллаб-қувватласа.

Аммо Саудия Арабистони маълум шартлар асосида Исроилни тан олиш эвазига АҚШ ҳимоясини қабул қилса, бу муқаррар равишда бутун дунё мусулмонлари назарига тушади - ва муқаддас Макка ва Мадина шаҳарлари 1925 йилда зўравонлик йўли билан мамлакат таркибига қўшиб олинганини эслайдиганлар топилади. Ва яна Саудлар оиласидаги ички норозилик ҳам гарчи уйқуда бўлса-да марказдан қочма тенденциясини сақлаб турибди.

Ҳозирча қироллик музокараларга янги қўшимча шарт – Ғазодаги урушни зудлик билан тугатиш шарти билан қайтишга тайёрлигини билдирган, бунга Исроил, албатта, рози бўлмайди.

Узил-кесил сиёсат объектига айланган ва “Эронга ютқазиб, ёлғиз қолиш” ёки “Исроилни тан олиб, шарманда бўлиш” ўртасидаги танлов ўртасида қолган Саудия Арабистонининг ҳолати дунё майдонидаги Қироллик мақомини аллақачон сезиларли даражада пасайтирди, бироқ музокаралар ҳали-вери тугаши даргумон.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!