Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун 60 гектар ер аукционга чиқарилади

Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун 60 гектар ер аукционга чиқарилади

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 20 гектардан ерлар шу мақсадда онлайн аукционга қўйилиши белгиланди. Масъул вазирликлар “Реновация тўғрисида” қонун лойиҳаси июн ойида ҳукуматга киритиши керак.

Ўзбекистонда уй-жой таннархини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Президент 30 апрел куни имзолаган фармонга кўра, дастур 2024 йил май ойида тайёр бўлиши кўзда тутилган.

Бош прокуратурага уй-жойлар нархи асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.

Ҳужжатга асосан, бирламчи уй-жой бозоридаги талабни қондириш мақсадида 2024 йил май ойида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 20 гектардан, Тошкент шаҳрида эса 60 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари аниқланиши керак.

Аниқланган ер участкалари кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун онлайн аукционга чиқарилади.

2025 йил 1 январгача янги электр двигател орқали бошқариладиган тельфер (лебедка) ва кўтариш мосламаси (домкрат) импорт божхона божидан озод этилди (бу фақат янги маҳсулотларга тааллуқли).

Шунингдек, фармонда эксплуатация муддатини ўтаб бўлган ва маънан эскирган кўп қаватли уй-жойларни реновация қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳам назарда тутилган. Унга кўра, 2024 йил июн ойида масъул вазирликлар “Реновация тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.

Қорақалпоғистон ҳукумати ва вилоятлар ҳокимларига Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Олим Хўжаев маҳалласида бошланган реновация лойиҳаси мисолида ҳар бир ҳудудда биттадан реновация лойиҳасини амалга ошириш топширилди.

Бунда, 2024 йил май ойида ҳудудларда реновация лойиҳалари амалга ошириладиган массивлар танланишиш керак. Июн ойида эса ҳар бир ҳудудда тажриба-синов тариқасида биттадан реновация лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!