Битта киберҳужум Индонезияни қандай қилиб фалаж қилди?!

Битта киберҳужум Индонезияни қандай қилиб фалаж қилди?!

Индонезия президенти Джоко Видодо сақланган аксарият маълумотларнинг захира нусхалари йўқлигини аниқлаб, давлат маълумотлар марказларида аудит ўтказишни буюрди. Бу камчилик 20 июнь куни Муваққат Миллий маълумотлармарказига (Temporary National Data Centre - PDNS) катта хакерлик ҳужуми натижасида аниқланди.

Ҳужумчи гуруҳ "Brain Cipher" "LockBit ransomware" дастурининг янги версиясидан фойдаланган. Aлоқа ва ахборотлаштириш вазири ўринбосари Незар Патрианинг айтишича, зарарли дастур ҳужум қилинган серверлардаги барча файлларни шифрлаган. Хакерлар маълумотларни қайта очиш учун 131 миллиард рупий (тахминан 8 миллион доллар) тўлов талаб қилишган.

Индонезия ҳукумати кибержиноятчиларнинг талабларини бажаришдан бош тортмоқда. Aлоқа ва информатика вазири Буди Арье Сетиади журналистларга расмийлар тўловни тўламоқчи эмаслигини айтди. Бунинг ўрнига, мутахассислар олинган маълумотни ўзлари очишга ҳаракат қилишади.

Вазият мамлакат парламентида кескин реакцияга сабаб бўлди. Миллий киберхавфсизлик ва шифрлаш агентлиги (BSSN) раҳбари Ҳинса Сибуриан икки бузилган маълумотлар марказларидан биридаги маълумотларнинг 98 фоизи заҳираланмаганлигини тан олди. Халқ депутатлари кенгаши биринчи комиссияси раиси Мутя Ҳафид вазиятнинг жиддийлиги ҳақида гапириб, миллий маълумотларнинг захира нусхалари йўқлигини бошқарув муаммоси деб атади.

Вазир Будининг сўзларига кўра, захира нусхаларини яратиш имконияти давлат идораларида мавжуд эди, бироқ ундан фойдаланиш ихтиёрий бўлиб қолди. Кўпгина бўлимлар бюджет чекловлари туфайли захира нусхаларини олишдан бош тортди. Келажакда захира нусхаларини яратиш талабга айланади.

Индонезия вице-президенти Маъруф Aминнинг айтишича, ҳужумдан кўрилган зарар кўлами яқинда турли идора ва вазирликларнинг маълумотлари марказлаштирилгани билан боғлиқ. Унинг таъкидлашича, марказлаштирилгандан сўнг битта тизимни бузиш барчасига таъсир қилди. вице-президент, шунингдек, илгари хакерлар ҳужумининг бундай ҳалокатли оқибатларини тасаввур ҳам қилмаганини тан олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!