Бош прокуратура: иш ҳақи ва нафақа пулларининг 3,7 миллиард сўми талон-торож қилингани бўйича 34 жиноят иши очилди

Бош прокуратура: иш ҳақи ва нафақа пулларининг 3,7 миллиард сўми талон-торож қилингани бўйича 34 жиноят иши очилди

Прокуратура органлари аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш, айнан ушбу йўналишда қонун устуворлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов шу ҳақда маълумот берди:

– Прокурорлар секторларидаги «Темир дафтар»га киритилган 5 мингдан зиёд оилага ҳар томонлама кўмак берилмоқда. «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қиз ва ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ишлар давом эттирилмоқда.

«Маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда ёшларни хатловдан ўтказиш ишлари амалга оширилди ва 500 мингга яқин оталиққа олинадиган ёшларнинг рўйхати шакллантирилди.

Бугунги кун ҳолатига ёшларнинг 2 минг 881 нафарининг бандлиги таъминланди, 1 минг 796 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди, 400 нафарига кредит ажратилди, 475 нафарига 536 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди, 191 нафар ёшга 712 миллион сўм субсидия ажратилди.

Аҳоли бандлиги, янги иш ўринларини яратишга қаратилган дастурлар ижроси устидан назорат кучайтирилди. Хусусан, ўтказилган ўрганишларда 31 мингдан ортиқ иш ўринлари ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланиб, айбдор шахслар тегишли жавобгарликка тортилди.

Бундан ташқари, 274 нафар ишчи-хизматчининг кечиктирилган 966 миллион сўм иш ҳақи ундириб берилди.

Прокурорлар ташаббуси билан 311 маротаба меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, уларда 4 минг 312 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.

Иш ҳақи ва нафақа пулларининг 3,7 миллиард сўми талон-торож қилингани аниқланиб, 34 та жиноят иши қўзғатилди.

Тадбиркорлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг 8 минг 257 нафарига «Тез ёрдам» тамойили асосида амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада фаолият кўрсатмаётган 4 минг 432 тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланиши ҳисобига 3 мингдан ортиқ иш ўринлари йўқотилишининг олди олинди.

Шунингдек, 6,2 минг ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашув ва бюрократик тўсқинликлар аниқланиб, бартараф этилди ҳамда 3,1 минг нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Хорижий инвесторлар фаолиятида юзага келган 1 минг 644 муаммо ижобий ҳал этилди. Кредит маблағлари талон-торож қилинишининг олдини олиш, муаммога айланган кредит қарздорликларининг қайтарилишини таъминлаш ишлари устидан назорат янада кучайтирилди.

Прокуратура органларининг аралашуви билан қарздорликларнинг 6,4 триллион сўми амалда ундирилди. 5,7 триллион сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланди. 1,2 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилди.

Ўтказилган назорат тадбирларида кредит маблағларининг 1,5 триллион сўми талон-торож қилингани аниқланиб, банк ва корхоналар раҳбарларига нисбатан 540 жиноят иши қўзғатилди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида 14,3 триллион сўмлик ёки 54 фоиз муаммоли кредитлар қисқартирилди.

Бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини таъминлаш, талон-торож қилинишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Ўтган даврда ҳар бир қурилиш-таъмирлаш лойиҳаси прокуратура органларида ўрганилиб, янгидан бошланувчи 1 минг 268 объект учун тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларидаги 1,8 триллион сўм маблағ мақбуллаштирилиши орқали бюджетдан ортиқча харажат қилинишининг олди олинди.

Шу билан бирга, қурилиш сифати ва маблағлардан мақсадли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, 26,6 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 44,5 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилиб, ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди.

Олиб борилган назорат тадбирларида 32 жиноят иши қўзғатилиб, давлатга етказилган 17,6 миллиард сўм зарар ундирилди.

Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги тадбирлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Кўрилган чоралар натижасида республикадаги маҳаллаларнинг 5 минг 763 тасида ёки 61 фоизида жиноят қайд этилмади, 2 минг 947 таси ёки 31,2 фоизида жиноятчилик барқарор сақланиб қолинишига ва камайишига эришилди.

Тезкор-қидирув соҳасида ҳам назорат кучайтирилиб, ноаниқ шароитларда содир этилган 6 минг 880 та жиноят фош этилиши ҳамда қидирувда бўлган 3 минг 324 нафар шахснинг ушланиши таъминланди.

Суриштирув ва тергов органларининг 29 минг 448 нафар шахсга нисбатан 23 минг 439 та жиноят иши ўрганилиб, судларга юборилди. Бевосита прокуратура органлари томонидан 5 минг 504 нафар шахсга нисбатан 3 минг 563 та жиноят иши судларга юборилди, жиноят оқибатида етказилган 1,5 триллион сўмлик зарар ундирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!