Россия чегаралари яқинида хорижий ҳарбий қисмлар кўпайгани ортидан НАТОга огоҳлантириш юборди

Россия чегаралари яқинида хорижий ҳарбий қисмлар кўпайгани ортидан НАТОга огоҳлантириш юборди

Россия ҳукумати НАТО раҳбариятига мурожаат юбориб, унинг чегаралари яқинида альянс қуролли кучлари жойлаштирилаётганига қатъий эътироз билдирди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга асосланиб, “ТАСС” нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, Россияга қўшни Финляндияда НАТО ҳарбий контингентини жойлаштириш бошланган. Кўплаб ҳарбий объектлар альянс бошқарувига берилган.

Россия расмийлари Хелсинкининг қуролланиши Москва учун таҳдид эканлигини билдирган. Россия НАТО иттифоқчиларининг агрессив қарорларига қарши туриш учун барча зарур чораларни, жумладан, ҳарбий-техникавий воситаларни қўллаши хабар қилинган.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби ўринбосари Андрей Настасин Россиянинг ҳар қандай ташқи хавфга нисбатан жавоб реакцияси шубҳасиз ва қатъий бўлишини билдирган. Куч воситасида Москвани ён беришга мажбурлашдан фойда йўқ эканини таъкидлаган.

“Биз бу мавзуни бир неча бор муҳокама қилдик, шу жумладан, брифингларда ҳам ушбу масала бўйича изоҳ бердик. Фақат шуни тасдиқлашим мумкинки, Россия НАТОнинг чегарамиз бўйлаб ҳарбий кучлар жойлаштиришини жавобсиз қолдирмайди. Бу Россия Федерацияси хавфсизлигига тўғридан тўғри таҳдиддир”, — деган Настасин.

Аввалроқ Финляндия парламенти АҚШ билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзолаган эди. Келишувга кўра, Финляндия ўзининг 15 та ҳарбий объектини АҚШ кучлари фойдаланиши учун топшириши керак бўлган. Шунингдек, Финляндия ҳарбий арсенали АҚШ қуроллари билан алмаштирилиши режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!