Ўзбекистонда 92та боғча фаолияти тўхтатилди

Ўзбекистонда 92та боғча фаолияти тўхтатилди

Мактабгача таълим ташкилотларида санитария қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани учун 92 та муассасаларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 3 ойи давомида Қўмитанинг ҳхудудий бошқармалари томонидан 1272 та мактабгача таълим ташкилотида текширувлар амалга оширилган.

Текширишлар давомида мактабгача таълим ташкилотларидан кимёвий таҳлиллар учун жами 26534 та намуналар олинган, шулардан 1554 таси, яъни 5,8 фоизи талабга жавоб бермаган бўлса, бактериологик таҳлиллар учун олинган 31791 та намуналардан 3149 таси, яъни 9,9 фоизи Санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига жавоб бермаган.

Гуруҳларда хона ҳароратини (микроиқлим кўрсатгичлари) 7921 та ҳолатда текширилган ва 612 тасида ҳарорат талаб даражасида эмаслиги аниқланган. Ёруғлик кўрсатгичлари 14658 та нуқтада ўлчанган ва 1250 тасида ёритилганлик даражаси пастлиги аниқланган.

Тарбияланувчилар овқатланишини тўғри ва хавфсиз ташкил этилганлиги устидан назоратни амалга ошириш чоғида микробиологик кўрсатгичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 3062 та намуна олинган ва улардан 109 таси талабга жавоб бермаган, ичимлик сувидан олинган 1865 та намунадан 57 таси талабга жавоб бермаган.

Кимёвий таҳлиллар учун овқат тўйимлилиги 1242 та намуналар орқали текширилган, шулардан 189 та намунада овқат тўйимлилиги паст эканлиги аниқланган, сабзавотларда нитрат қолдиқларини текшириш учун 3501 та намуна олинган, 76 та намунада нитрат қолдиқлари борлиги аниқланган, ош тузида йод миқдорини аниқлаш учун 760 та намуна текширилган ва уларнинг 243 тасида намуналарда йод миқдори меъёрга нисбатан камлиги аниқланган.

Мактабгача таълим ташкилотларида санитария қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан 1102 та ҳолатда маъмурий жарималар қўлланилган, 92 та муассасаларининг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган, 228 нафар ишчи-ходимлар тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмаганликлари сабабли ишдан вақтинча четлатилган. Бундан ташқари, 104 килограммдан ортиқ миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!