Янги тизим: Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказишда қандай ўзгаришлар бор?

Янги тизим: Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказишда қандай ўзгаришлар бор?

Юртимизда замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш борасида мутлақо янги шаффоф ва адолатли тизим яратилгани ҳақида аввал ҳам бир неча бор маълумот берган эдик. (1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8).

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш жараёнларини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан қандай вазифаларни амалга ошириш белгилангани ҳақида Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази директори Санжар Шарипов батафсил гапириб берди:

— Буйруққа асосан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатлар кўриб чиқилишини тўғридан-тўғри кузатиб бориш тартиби такомиллаштириб борилиши белгиланди. Имтиҳон саволлари базаси соҳадаги ўзгаришларга кўра, ҳар йили 1 сентябрга қадар мунтазам равишда янгилаб борилади.

Шу билан бирга, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, олий тиббий таълим муассасалари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Республика ихтисослаштирилган илмий ҳамда илмий-амалий тиббиёт марказлари ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига қуйидаги вазифалар юклатилди:

тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва фармацевтларни амалдаги малака тоифасининг муддати тугашидан олти ой олдин навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтиши лозимлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтказиш тартиби билан таништирилиши ҳамда аттестациядан ўтиш учун ҳужжат топшириш бошлангунга қадар уларнинг малака оширишини ташкил этиш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини аттестациядан ўтиши учун ҳужжатларини тайёрлаши ва ўз вақтида топширишига зарурий шарт-шароитлар яратиб бериш;

тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ўз вақтида аттестациядан ўтишини таъминлаш мақсадида малака тоифасига эга бўлган ва бўлмаган мутахассисларнинг доимий мониторингини юритиш;

малака тоифасига эга бўлган ва бўлмаган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимлари тўғрисидаги маълумотларнинг йиллик таҳлилий жадвалини ўрнатилган тартибда кейинги йилнинг 1 февралига қадар Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш марказига топширилишини таъминлаш.

Янги тизимнинг асосий афзалликларидан бири шундаки, эндиликда тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг ҳужжат топшириш ҳамда аттестациядан ўтиш учун ортиқча вақт ва маблағ сарфлаб пойтахтга келишига барҳам берилди. Ҳужжат топшириш ва имтиҳондан ўтиш жараёнида инсон омили аралашувини минималлаштириш орқали коррупция хавфи ва элементлари бартараф этилди.

Шунга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимнинг барча бўғинидаги муассаса раҳбарлари бу ҳақда доимий равишда тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини олиб бориши лозимлиги ҳамда барча турдаги фирибгарлик ҳолатларини олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриши белгиланди.

Марказ ҳузуридаги малака тоифасини бериш бўйича ихтисослаштирилган аттестация комиссиялари раислари ва аъзолари аттестацияларнинг ўз вақтида ҳамда белгиланган талаблар асосида адолатли ва шаффоф ўтказилишида шахсан жавобгар этиб белгиланди.

Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси етук ва чуқур билимга эга, халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!