Экологик қонунларга доир республика танлови ғолиблари аниқланди

Самарқандда "Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?" кўрик-танловининг умумтаълим мактаблар жамоалари ўртасидаги республика босқичи ўтказилди.
Маълумот учун, танлов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўтказилмоқда.
Экология вазирлиги бўлим бошлиғи Заррина Абдуллаева танловнинг аҳамиятига алоҳида тўхталди.
"Мазкур танлов республика бўйича жами 80 минг нафардан ортиқ ёшларни қамраб олди. Ўқувчиларимиз экологик ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш имкониятига эга бўлишди. Ортда қолган босқичларда ёшларимизнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бефарқ эмаслиги, бу борада кўплаб лойиҳалар, ташаббуслари борлиги ва энг муҳими, табиат ҳақида қайғуришларига гувоҳ бўлдик. Бу каби танловлар ана шундай ёшларнинг иқтидорини юзага чиқаришга, ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", — деди Заррина Абдуллаева.
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев эса экологик муаммоларни ҳал қилишда ёшларнинг соҳага оид ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
“Экологик вазиятни барқарорлаштириш учун иқтидорли, интилувчан кадрлар сафини кенгайтириш лозим, – деди Ўктам Ўтаев. — Танловда иштирок этаётган ёшлар орасидан эса келажакда ана шундай соҳани ҳар томонлама мукаммал эгаллаган кадрлар етишиб чиқишига ишонаман”.
Самарқанддаги республика босқичида вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги босқичларда ғолиб бўлган жамоалар ўзаро беллашди. Иштирокчилар "Бу бизнинг ҳудуд”, "Интеллектуал ринг", "Экология учун барчамиз масъулмиз", "Энг яхши экологик лойиҳа" каби шартлар бўйича ўз иқтидорларини намойиш этишди.
Шунингдек, ёшлар республикамиз экологиясини асраб-авайлашга, экомаданиятни тарғиб қилишга, плоггинг, иқлим ўзгаришлари, дарахт кесиш ҳамда сув муаммолари, ёш экологлар сонини кўпайтириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва бошқа шу каби долзарб масалаларга қаратилган лойиҳалари ва ташаббусларини тақдим этишди.
Якунда Тошкент шаҳри жамоаси биринчи ўринни, Хоразм вилояти жамоаси иккинчи ўринни, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар қуйидаги пул мукофотлари ва диплом билан тақдирланди:
— 1-ўрин — 15 000 000 сўм
— 2-ўрин — 10 000 000 сўм
— 3-ўрин — 5 000 000 сўм
"Танловда "Тоза табиат — яшил келажак" лойиҳаси билан қатнашдик. Ютуқларимиз, камчиликларимизни билиб олдик ва бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз, — деди Тошкент шаҳри жамоаси вакили Саидаҳрор Салимжонов. — Мақсадимиз лойиҳани қайта ишлаб, такомиллаштириш, республика даражасига олиб чиқиш ва барча мактабларда жорий қилишдир".
Маълумот учун, "Тоза табиат — яшил келажак" лойиҳаси мактаб ўқувчилари орасида экологик маданиятни шакллантириш, чиқиндиларни саралашни ўргатиш ҳамда қайта ишлаш орқали табиатни асрашга ҳисса қўшишга қаратилган.
Кўрик-танловнинг касб-ҳунар таълим муассасалари ўртасидаги республика босқичи 17–19 март кунлари Хоразмда бўлиб ўтади.