Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва дори воситалари Кувайтга экспорт қилиниши мумкин

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва дори воситалари Кувайтга экспорт қилиниши мумкин

Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Кувайт Фармацевтика импортёрлари ва дорихоналар уюшмаси бошқарув кенгаши раиси, "Al Mojil Drug Company" компанияси бош директори Файсал ал-Можил билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат аввалида Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ва тиббиёт соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар ва импортёрлар учун яратилган бизнес-қулайликлар ҳақида маълумот берилди.

Томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва дори воситаларининг Кувайтга экспортини ташкил қилиш имкониятлари хусусида фикр алмашдилар. Кувайт вакилига Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона ва Сирдарё вилоятлари ва Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан намуналар тақдим этилди.

Тақдим этилган лойиҳалар бўйича фикр алмашиш мақсадида Кувайт Фармацевтика импортёрлари ва дорихоналари уюшмаси ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ташкил этиш таклифи ҳам берилди.

Файсал ал-Можил Ўзбекистонга 1999 йил борганини, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилганини маълум қилди. Шунингдек, у сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръатини ва эришилаётган юксак натижаларни юқори баҳолади.

"Биз ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистоннинг мутасадди вазирлик ва компаниялари билан музокара ўтказишга тайёрмиз", - деди Файсал ал-Можил.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!