Тожикистон Интерпол бюроси директорининг Дубайда ҳашаматли квартиралари аниқланди

Тожикистон Интерпол бюроси директорининг Дубайда ҳашаматли квартиралари аниқланди

Интерполнинг Тожикистондаги Миллий марказий бюроси раҳбари Шаҳриёр Назриевнинг Дубайда квартиралари борлиги аниқлади. Бу ҳақда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (OCCRP) суриштирувида эълон қилинди.

Назриевнинг Душанбеда тўртта квартираси, мамлакат жанубида уйи ва Дубайдаги элита ҳудудларидан бирида квартиралари борлиги маълум бўлган. Тожикистонлик амалдор 2012 йилда Дубайда 49 квадрат метрлик ҳашаматли квартирани 120 минг долларга сотиб олган. Назриев қарийб 30 йилдан буён Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаб келади.

“Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Тожикистондаги ўртача ҳуқуқ-тартибот ходими Дубайдан квартира сотиб олишга 120 минг доллар йиғиш учун камида қирқ йил узлуксиз ишлаши керак бўлади. Лекин кўриб турганимиздек, Тожикистондаги Интерпол директори ойликдан ойликкача яшамайди”, — дейилади суриштирувда.

Амалдорнинг квартиралари Emirates Garden-1 G-2 манзилида Jumeirah Village Circle’да жойлашган. Бу ердан дунёга машҳур Palm Jumeirah сунъий оролигача бўлган масофа 14 километрни ташкил қилади.

“Квартира тўрт қаватли бинода жойлашган, томида пентҳаус бор. Ҳудуд 13 метрли бассейн, спорт зали ва автотураргоҳни ўз ичига олади. Уй яқинида теннис корти, баскетбол майдони ва кўнгилочар марказга эга иккита катта боғ жойлашган”, — деб ёзади суриштирув муаллифлари.

Бундан ташқари, Интерпол бюроси директорининг Тожикистонда ҳам бошқа кўчмас мулклари топилган.

“Тожикистон кўчмас мулк реестрига кўра, Душанбе шаҳридаги тўртта хонадон ва Ховалинг туманидаги уй Назриев Шаҳриёр номига расмийлаштирилган”.

Шаҳриёр Назриев шу йил сентябрда 50 ёшга тўлади. Материал муаллифлари унинг таржимайи ҳолидан баъзи маълумотларни тақдим этмоқда:

“У ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги хизматини 1995 йилда бошлаган. Меҳнат фаолиятини ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси терговчиси ва ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг ўта муҳим ишлар бўйича бош терговчиси лавозимларида бошлаган.

Бир муддат божхона хизматига ўтказилган. Аммо кейин яна Ички ишлар вазирлигига қайтган. 2021 йил июль ойида эса у Интерполнинг Тожикистондаги Миллий марказий бюроси директори этиб тайинланган”.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!