Байден ва Трамп телебаҳси хусусида

Байден ва Трамп телебаҳси хусусида

Атлантада бўлиб ўтадиган баҳс-мунозаранинг биринчи даврасини CNN телеканали ташкил қилмоқда. Теледебат 90 дақиқага чўзилади, иштирокчилар навбат билан сўз олади, бир-бирининг гапини бўлиб қўймаслиги учун иккинчи даъвогарнинг микрофони ўчирилади.

Айрим таҳлилчилар демократлар шошилишига сабаб, Байденни синаб кўриш, демоқда. Агар у биринчи телебаҳсда ютқазса, августда бўладиган қурултойда партия уни электоратда машҳурроқ бошқа талабгор билан алмаштириши ҳам мумкин. Трамп телебаҳсга вице-президентликка номзодини олиб келишга ваъда қилган, ҳозирча бу кимлиги сир сақланяпти.

Ўз-ўзидан маълум, баҳснинг асосий мавзуси мамлакатнинг ички муаммолари. Бу гал ҳам икки номзод миллий иқтисодиёт ва миграция билан боғлиқ масалани ҳал қилишга қарашини баён қилиши керак.

Трамп таъкидлашича, Байден “Америка орзуси”ни барбод қилмоқда, иқтисодиётни издан чиқармоқда ва мамлакатни жаҳаннам сари етакламоқда. У Байденни инфляция кучайиши, ёнилғи нархи ошишида айблади. Байден эса ўз навбатида, пандемиядан кейин меҳнат бозори тиклангани, инфратузилмага етарли маблағ ажратилаётгани билан мақтаниб келади.

Трамп ўз маъмурияти даврида чегара беркитилганини айтиб, ҳозир мамлакатда ноқонуний мигрантлар рекорд даражада кўп келиши билан боғлиқ ҳақиқий фалокат юз бераётганини пеш қилмоқда. Демократлар адлияни ноқулай сиёсатчиларга қарши қуролга айлантиргани, асосий сиёсий рақибга нисбатан жиноий таъқиб йўли билан сайловга аралашаётганини таъкидлайди.

Амалдаги Президент эса Трамп сиёсий зўравонлик келтириб чиқаргани, Капитолийга бостириб киришни оқлаганини айтиб, агар ғалаба қозонса, у президентлиги билан савдо қилишидан огоҳлантирган.

АҚШ халқаро сиёсатда ўз ўрнига эга ҳамда глобал вазиятга таъсир қила оладиган даражада қудратли давлат. Шу боис номзод президент бўлган тақдирда халқаро майдонда қандай ҳаракат қилишини ҳам айтииши керак. Трамп Украина атрофидаги можарони қисқа вақт ичида, яъни инаугурацияси бўлиб ўтмасдан ҳал этишга ваъда қилган. Унинг маслаҳатчилари Киевни тинчлик музокарасига ундовчи режа тақдим этган. Агар рози бўлмаса, Вашингтон Киевни ёрдамдан маҳрум қилиши кўзда тутилган. Байден Украинага қурол етказиб бериш кераклигини уқтириб келади, шунингдек баъзи кузатувчилар фикрича, у Европани ҳам Россия таҳдиди билан қўрқитиб келмоқда.

Байден НАТО эшиги ҳамма учун очиқлигини таъкидлаб, Украина келажаги Альянсда, дейди. Трамп эса бундай таъкид хато экани, Россиянинг жаҳлини чиқаришини айтади. Байден бор кучи билан НАТОни қўллаб қувватламоқда, Трамп эса Альянснинг бошқа иштирокчилари учун ҳам аъзолик бадали миқдорини ошириш керак, деб ҳисоблйди. Қолаверса, собиқ президент агар вазият тақозо қилиб, АҚШга ёрдам керак бўлса, Альянс аъзоларининг бирортаси ёрдамга келишига ишонмаслигини билдирган.

Яқин шарқ можаросида икки сиёсатчи ҳам Исроилни қўллаб-қувватлаш керак дейди, бироқ Трамп ушбу йўналишда Байденни керагича ҳаракат қилмаётганликда айбламоқда, амалдаги етакчи эса Исроил раҳбариятини танқид қилиб келмоқда.

Байден РФ ва ХХР раҳбари шаънига ножоиз гаплар гапирмоқда, Трамп эса улар билан яхши муносабатда экани билан мақтанади.

Хуллас, Америкада сайлов олди кампаниясининг ажралмас қисми ҳисобланган телебаҳслар ҳар доим қизиқарли ўтган ва иштирокчилар мамлакат тақдири билан боғлиқ жиддий масалалар бўйича баҳслашган. Баҳсни муваффақиятли ўтказиш, сайловчиларнинг янада кўпроқ эътиборини тортиш кўп овоз олиш учун зарур жиҳатлардан бири саналади. Бу галги телебаҳс эса бир қарашда кўнгилочар тобошага айланиб кетадигандек. Масалан, Нью-Йорк штатидан Америка сенатори Дайан Сэйр “РИА Новости”га интервью берганда шундай деди:

– Баҳслар бугунги кунда қандайдир саҳна томошасига айланди. Сизга берилган бир дақиқа, 90 сония, ёки уч дақиқада бирор ғояни шакллантириб олишнинг иложи йўқ.

Виннипег университети ўтказган сўров натижаси АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп рақиби Жо Байдендан бироз устунлик қилаётганини кўрсатди.

Тадқиқот натижасига кўра, Трампни респондентларнинг 49 фоизи қўллаб-қувватлаган. Унинг рақиби учун эса сўров иштирокчиларининг 45 фоизи овоз беришини айтган. Нима бўлганда ҳам респондентлар телебаҳсни диққат билан кузатиб боради, икки номзоднинг имкониятини таққослайди, тарози қайси томонга оғаётганига ойдинлик киритади. Бир сўз билан айтганда, телебаҳс номзодларнинг сиёсий нуфузига ижобий ёки салбий таъсир кўрсатиши билан қизиқарли ўтиши кутиляпти.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!