Энди контрафакт дори воситаларининг сотган дорихоналар ҳам жавобгарликка тортилади

Энди контрафакт дори воситаларининг сотган дорихоналар ҳам жавобгарликка тортилади

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги мамлакатимиз ҳудудида контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишига қарши ўзининг тоқатсизлик руҳидаги танқидий муносабатини билдираётган блогерларга ўз миннатдорчилигини билдирган ҳолда ижтимоий тармоқларда тарқалган контрафакт дори воситаси бўйича расмий муносабатини билдиради.

Ҳозирда Агентлик томонидан контрафакт дори воситаларига қарши кўрашиш бўйича республикамиз бўйлаб кузатув тадбирлари амалга оширилмоқда. 

Бугунги кунга қадар ўтказилган кузатув тадбирлари давомида 100 дан ортиқ контрафакт дори воситалари аниқланган.

Ушбу аниқланган контрафакт маҳсулотларнинг ҳар бири Агентлик мутахассислари томонидан ўрганилиб, босқичма-босқич уларнинг ишлаб чиқарувчиларига нисбатан огоҳнома, тақдимнома, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома сингари таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Агентлик томонидан жорий йилнинг апрель – май ойларида республикадаги барча дорихоналардаги контрафакт дори воситалари тўлиқ аниқланиб, уларни ишлаб чиқраётган айрим “ишбилармон” тадбиркорлик субъектларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилади.

Блогер томонидан телеграм ижтимоий тармоғининг TROLL.UZ  каналида эълон қилинган “Супрастин” дори воситасининг товар белгиси билан истеъмолчиларни чалғитиш даражасида ўхшаш бўлган товар белгисидан фойдаланиб, “Мер Супралгин” ҳамда бир қатор қонунга хилоф равишда контрафакт дори воситаларини ишлаб чиқараётган тадбиркорлик субъекти фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда, Агентликда мавжуд маълумотлар асосида ўрганилмоқда.

Шу билан бирга Агентлик контрафакт дори воситаларининг сотилишига тўлиқ чек қўйиш мақсадида нафақат уларни ишлаб чиқараётган, балки уларнинг савдоси билан шуғулланаётган дорихона эгаларини ҳам жавобгарликка тортиш бўйича ишларни амалга оширади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз жоизки, ижтимоий тармоқлар орқали блогерлар томонидан контрафакт маҳсулотлар бўйича кенг оммага ҳавола этилаётган ҳар бир чиқиш ҳалқимизнинг ҳуқуқий онгини оширишга, контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш бўйича жамоатчилик назоратининг ўрнатилишига, жамиятда интеллектуал мулкка нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантиришга хизмат қилади.

Агентлик томонидан бу соҳадаги муаммоларни ёритиб бораётган блогерларга миннатдорчилик изҳор этилган ҳолда улар томонидан билдирилган ҳар қандай танқидий фикрлар тўғри қабул қилиниши ва соҳани ривожлантириш бўйича улар билан ҳамкорликка тайёрлиги маълум қилинади.

Зеро, жамоатчилик назорати жамиятдаги ҳар қандай салбий иллатларнинг олдини олишдаги энг самарали усулдир.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!