ДХХ ўринбосарларнинг кирдикорларини фош этди

ДХХ ўринбосарларнинг кирдикорларини фош этди

Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қўштепа тумани прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбаридан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, жорий йилнинг апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини ф/х ихтиёрига қайтариб бериш ҳамда хўжаликнинг бажарилмаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига сўралган пул маблағидан 1000 АҚШ доллари ва 5 млн. сўм олган вақтида қўлга олинган.

Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан, савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига хизмат хонасида 40 млн. сўм миқдорида пора олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Шунингдек, Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ҳам процессуал тартибда ушланган.

Бундан ташқари, Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали бошлиғи ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тумандаги 20 сотих ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига, ўзининг хизмат хонасида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида қўлга олинган.

Айни вақтда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!