Зеленский: Путин билан музокаралар учун Туркия ва БМТ керак

Зеленский: Путин билан музокаралар учун Туркия ва БМТ керак

Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Путин билан музокаралар учун фақат битта моделни кўришини айтди - бу Туркия ва БМТ иштирокидаги дон келишувига ўхшаш воситачилар билан уч томонлама келишув бўлиши керак.

Бу ҳақда Украина раҳбари The Philadelphia Inquirer нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Зеленскийдан Киев қандай шароитда Москва билан музокарага тайёр бўлиши сўралган.

«Украина ечим топадиган моделни топиши мумкин. Украина Россия билан эмас, балки БМТ ва Туркия билан музокаралар олиб борганида, бу модель биринчи марта дон коридори мисолида ишлатилган. Улар, ўз навбатида, биз билан музокаралар олиб бориш, кейин эса Россия Федерацияси билан тегишли шартнома имзолаш масъулиятини ўз зиммаларига олишди», деб жавоб берди Украина президенти.

«Ва бу шундай ишлади: иккита кўзгу келишуви, улар ўртасида БМТ ва Туркия. <…> Худди шундай, ҳудудий яхлитлик, энергия ва юк ташишда ҳам тегишли моделдан фойдаланиш мумкин. <…> Кейин ушбу ҳужжат, агар у Украинага мос келадиган бўлса, Россия Федерацияси вакиллари томонидан ҳам кўриб чиқилиши керак. Ҳозирча бизда фақат шу модель бор», — дея хулоса қилди у.

Шу ҳафта бошида президент Зеленский Украина урушни тугатиш бўйича «аниқ ва батафсил» режа тайёрлаётганини ва бу йил тақдим этилишини айтди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!