Трамп маъмурияти 43 давлат, жумладан, Россия ва Беларус фуқаролари учун мамлакатга кириш қоидаларини қатъийлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда

Бу ҳақида Тhe New York Times хабар бермоқда.
Нашрнинг манбаларига таяниб ёзишича, АҚШ Давлат департаменти тегишли тавсия лойиҳасини ишлаб чиққан бўлиб, унда 43 давлат учта тоифага – “қизил”, “тўқ сариқ” ва “сариқ” бўлинган.
"Қизил" гуруҳга фуқароларининг АҚШга кириши қатъиян ман этиладиган 11 давлат киради. Булар Афғонистон, Бутан, Куба, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Сомали, Судан, Сурия, Венесуэла ва Яман.
“Тўқ сариқ” тоифага фуқаролари виза беришда чеклов қўйиладиган 10 та давлат киради. Бу мамлакатларнинг фақат “юқори даромадли бизнесменлари”га Қўшма Штатларга киришга рухсат берилади, аммо иммиграцион ёки туристик визалар билан кирувчиларга рухсат берилмайди. Бу гуруҳга Россия, Беларус, Эритрея, Гаити, Лаос, Мянма, Покистон, Серра-Леоне, Жанубий Судан ва Туркманистон кирди.
“Сариқ” тоифага кирувчи давлатларга эса АҚШни "хавотирга солаётган" омилларни бартараф этиш учун 60 кун муҳлат берилади. Агар бу талаблар бажарилмаса, ушбу давлатлар тўлиқ тақиқ ёки қатъий виза чекловлари жорий қилинган давлатлар рўйхатига киритилиши мумкин.
Тhe New York Times нашригага кўра, расмий тавсиялар келаси ҳафта тақдим этилиши мумкин, шу билан бирга, якуний рўйхатнинг ўзгариши эҳтимоли бор.