Санитар тозалаш хизмати соҳасида техникалардан самарали фойдаланишнинг янгича тажрибаси жорий этилмоқда

Санитар тозалаш хизмати соҳасида техникалардан самарали фойдаланишнинг янгича тажрибаси жорий этилмоқда

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан санитар тозалаш хизматидан самарали фойдаланиш мақсадида янги турдаги махсус техникаларни жорий этиш режалаштирилмоқда. Вазир таъкидлаганидек, ҳозирда мавжуд чиқинди ташувчи машиналар ўрнига экологик жиҳатдан хавфисиз, бошқариш қулай бўлган, камхарж мотоскутерлар хизматидан фойдаланиш таклиф этиляпти.
Қувватлантирилганидан кейин 80 км. масофа босиб ўта оладиган махсус мотороллер кунига 2 мартагача аҳоли яшаш жойларидан маиший чиқиндиларни олиб чиқиш имкониятига эга. Ушбу техникалар чиқиндиларни саралаган ҳолда олиб чиқиб, қайта юклаш стансиясига ташиши билан ҳам ҳозирги йирик транспорт воситаларига қараганда фойдали ҳисобланади. Натижада тайёр сараланган чиқиндиларни яна қайтадан саралашга ҳожат қолмайди. Техника кучи ва харажатлар тежалиши ҳисобига полигонларда ташкил этиладиган эко-кластер ҳудудининг ўзида чиқиндиларни қайта ишлашга эришилади.

Маълумот ўрнида: юк ташувчи мотороллернинг харид нархи 32 млн. сўм бўлиб, ҳозирги кунда фойдаланилаётган нархи 869 млн. сўм бўлган чиқинди ташувчи йирик транспортлардан 27 баравар арзондир. Ушбу транспортни сақлаш, таъмирлаш ва ишчи кучи каби бир йиллик харажатлари 14 баравар ҳамда ёқилғи сарфи жиҳатдан эса 5 баробарга тежамкор ҳисобланади.

Ушбу мотороллерлар электрга мўлжалланган. Аҳамиятлиси, улардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилгач, соҳада қўшимча ишчи ўринлари сони ортади. Электро мотороллерлар чиқиндиларни “қайта ишланадиган”, “қайта ишланмайдиган” ва “озиқ-овқат” чиқиндиларига саралаб ташишга мўлжалланган. Ҳозирги чиқинди ташувчи транспортларда эса чиқиндиларни саралаб ташишнинг имкони йўқ ва бу чиқиндиларни қайта ишлаш қамрови даражаси ортишига сезиларли таъсир кўрсатади.

Дастлабки жараёнда тажриба сифатида чиқиндиларни ташишни алоҳида турларга ажратиш мақсадида 3 турдаги 150 та мотороллер харид қилинади. Ушбу транспорт воситаларини республиканинг барча ҳудудларида синовдан ўтказиш режалаштирилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!