Энергетика вазирлиги май ойида электр энергияси нега кам етказиб берилганига изоҳ берди

Энергетика вазирлиги май ойида электр энергияси нега кам етказиб берилганига изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда май ойида электр энергиясини ишлаб чиқариш ва табиий газ қазиб чиқариш камайгани ҳақида хабарлар тарқалди. Энергетика вазирлиги бунга муносабат билдирди. Бу ҳақида Дарё нашри ёзмоқда.

Унда айтилишича, 2024 йил май ойида Ўзбекистонда 6,1 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 337,9 миллион кВт/соат ёки 5,8 фоиз кўп. Шунингдек, республика истеъмолчиларига 5 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб берилди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу давридагига нисбатан 297,1 миллион кВт/соат ёки 5,7 фоиз кам.

Шу жумладан, иқтисодиёт тармоқларига — 3,7 миллиард кВт/соат (92,2 млн кВт/соат кўп), аҳоли истеъмолчиларига — 1,2 миллиард кВт/соат (393,7 миллион кВт/соат кам) электр энергияси етказиб берилган. Яъни, аҳоли истеъмолчилари томонидан шунча ҳажмдаги электр энергияси тежалган.

Қолган электр энергияси станцияларнинг ўз эҳтиёжлари ва ишлаб чиқаришдаги эҳтиёж ҳамда электр энергиясини узатишдаги сарф учун ишлатилган.

“Кам етказиб берилганининг асосий сабаби шундаки, май ойида тарифлар ўзгариши фонида аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланган. Саноат корхоналари эса, юқорида кўрганингиздек, прогнозга нисбатан белгиланган ҳажмларда электр энергияси истеъмол қилган”, — дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этилишича, ортиқча ишлаб чиқарилган мазкур электр энергияси қўшни давлатларга экспорт қилинди.

Шунингдек, маълум қилинишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 8 та қуёш фотоэлектр ва битта шамол электр станцияси ишга туширилган бўлиб, улар кундуз куни 2000 МВт (умумий ишлаб чиқаришнинг 20 фоизи) гача “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Бунинг ёрдамида импорт ҳажми кескин камайди.

“Шу боис, айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ. Аксинча, бундан буён мамлакатимизда “яшил” электр станциясилар қуввати ошириб борилаверади ва электр энергияси истеъмолга (талабга) нисбатан кўпроқ ишлаб чиқарилишига эришилади”, — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, вазирлик табиий газ қазиб олиш қисқарганини тан олди. Май ойида 3 554,8 миллион куб метр табиий газ қазиб олинган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос давридагига нисбатан 41 миллион куб метр кам.

Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари камайиши Қандим газни қайта ишлаш заводи ва “Жарқудуқ” газни комплекс тайёрлаш қурилмасида режавий таъмирлаш ишлари ва бошқа технологик сабабларга кўра юзага келган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!