Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари муҳокама қилинди

Тошкентда 26-июн куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Глобал асос – эрта ҳаракатни қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Экология вазирлиги, БМТТД, Глобал экологик фонд (ГЕФ), Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (ИУCН), нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олимлар, мутахассислар иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг Кунминг-Монреал глобал биохилма-хиллик дастурига мувофиқ биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари муҳокама қилинди.

“Ўзбекистонда биохилма-хилликни сақлаш бўйича 2030 йилгача мақсадлар белгилаб олинган. Хусусан, аҳоли яшаш ҳудудларидаги шароитларни янада яхшилаш, биохилма-хилликни асраб қолиш ва яшаш жойларининг 30 фоизини яшил ҳудудга айлантириш мақсад қилинган, – деди Экология вазирлиги бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов. – Шунингдек, Экология вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мақсадлардан яна бири ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан оқилона фойдаланиш, табиий ресурслардан ноқонуний фойдаланишга чек қўйишни кучайтиришдир. Қолаверса, доривор ўсимликлардан фойдаланиш бўйича йилига 25 минг гектар маданий плантациялар ташкил қилиш ва ҳайвонот дунёси бўйича Тошкент, Термиз, Фарғона давлат ҳайвонот боғлари қошида ёввойи ҳайвонларни реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш каби таклифлар тайёрланган”.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича янги миллий мақсадлари 2024 йил октябр ойида Колумбияда бўлиб ўтадиган Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенсия иштирокчиларининг 16конференсиясида жаҳон ҳамжамиятига тақдим этилиши режалаштирилган.

Тадбирда янгиланган мақсадлар бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, БМТТД, ГЕФ ва Экология вазирлигининг “Глобал биохилма-хиллик дастури – эрта ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳаси 2030 йилгача бутун дунё бўйлаб табиатни муҳофаза қилиш учун амалга оширилиши керак бўлган аниқ ҳаракатларни белгилаб бериши таъкидланди. Ўзбекистон ушбу лойиҳа дастурига қўшилиш орқали уни мамлакатимизда амалга ошириш мажбуриятини олди.

“Дастурда 2030-йилгача амалга оширилиши керак бўлган 23 та мақсад бор. Шунингдек, 2050-йилга бориб эришиш режа қилинган яна тўртта глобал мақсад мавжуд ва энг муҳим натижа — 2050 йилгача дунё табиат билан уйғунликда яшаши керак, – деди лойиҳа раҳбари Сергей Загребин. – Бугунги тадбирда ана шу мақсадлар муҳокама қилинди. Умид қиламизки, лойиҳа доирасида тайёрланган мақсадлар бўйича фикр-мулоҳазалар, тавсиялар, қўшимчалар, шарҳлар билдирилади ва бу мақсадларимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади”.

Маълумот учун, лойиҳа 2023 йил феврал ойида бошланган. 2023 йил октябр ойида лойиҳа доирасида Глобал биохилма-хилликни сақлаш дастурининг амалдаги Стратегияси ва Ҳаракатлар режасига мувофиқлиги масалалари муҳокама қилинди ва янги мақсадларни аниқлаб олиш зарурлиги белгилаб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!