Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизим яратилади

Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизим яратилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Иқлим ўзгаришига нисбатан барқарор агроэкотизимни яратиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга мослашувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида соҳанинг иқлим ўзгаришига мослашиши ва унинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш, қурғоқчилик ва ерлар деградациясига қарши курашиш, яйловлар биохилма-хиллигини сақлаш (қайта тиклаш), янги инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда соҳага кенг жорий қилиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул этиб белгиланди.

Қарор билан қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш ва соҳанинг иқлимга салбий таъсирини юмшатиш бўйича миллий дастур тасдиқланди.

Миллий дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:

иқлим ўзгаришига боғиқ бўлган ҳудудларда амалга оширилаётган чора-тадбирларни самарали ташкил этиш;

иқлим ўзгаришлари шароитида қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро грант лойиҳалари доирасидаги тадбирларни амалга ошириш;

иқлим ўзгаришига боғлиқ бўлган табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш;

қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

яйловлардан самарали фойдаланишни ҳамда уларни муҳофаза қилишни ташкил этиш.

Қарор билан Миллий дастур ижросини мувофиқлаштирувчи идоралараро ишчи гуруҳ таркиби ҳам тасдиқланди ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

Қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш;

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштирувчиларни фавқулодда вазиятлар рўй бериш хавфи (жумладан, ҳароратнинг аномал ўзгариши, сел оқимлари ва тошқинлари, дўл ёғиши ва қурғоқчилик) ҳамда чигиртка ва бошқа зараркунандалар билан боғлиқ фавкулодда вазиятлардан эрта огоҳлантириш тизимини ишлаб чиқиш;

халқаро молия институтларининг кредит ва грант маблағлари, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда хорижий давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;

деҳқон, фермер ва агрокластерлар ходимларининг экологик маданиятини ошириш, аграр соҳани иқлим ўзгаришига мослаштириш бўйича билим даражаси ва кўникмаларини мунтазам ошириб бориш;

Қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун илмий-оммабоп, таҳлилий материаллар тайёрлаш, соҳадаги тадқиқотлар натижаларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар орасида кенг оммалаштириш чораларини кўриш.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!