Буюк Британиянинг нуфузли стандартлаштириш компанияси Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади

Буюк Британиянинг нуфузли стандартлаштириш компанияси Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Акмал Жуманазаров ва Буюк Британиянинг "Intertek" компанияси минтақавий директори Ирина Баеренвальд ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мулоқот давомида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш мақсадида "Intertek" компанияси кўмагида уларни халқаро стандартлар асосида сертификатлаш амалиётларини жорий этиш, синов лабораторияларини биргаликда таъсис этиш, товарларни ёрлиқлаш ва ўраш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.

Ирина Баеренвальд "Intertek" компанияси Ўзбекистон томони билан республикада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни халқаро стандартларга мувофиқ сертификатлаштириш йўналишида ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва "Intertek" компанияси ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.

Бундан ташқари, "Intertek" компаниясининг Ўзбекистонда доимий ваколатхонаси ва синов лабораторияларини очишда амалий кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Учрашув якунида "Intertek" компанияси вакилларининг шу йил 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида иштироки доирасида республиканинг ҳамкор ташкилотлари билан бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!