Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида илк бор "Фуқаролик жамияти институтлари" номли боб киритилди

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида илк бор "Фуқаролик жамияти институтлари" номли боб киритилди

Саудия Арабистонининг оммабоп "An Nahar News" газетаси сайтида "Ўзбекистон: фуқаролик жамияти институтлари – жамият ва давлат ўртасидаги кўприкдир" сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Бугунги кунда мамлакатни тараққий эттириш ва "Ўзбекистон – 2030" стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаол иштирок этмоқда, – дейилади мақола муқаддимасида. – Фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини демократик мезонлар асосида йўлга қўймасдан янги Ўзбекистонни барпо этиб бўлмайди".

Шундан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Хусусан, Ўзбекистоннинг "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги, "Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Жамоатчилик назорати тўғрисида" Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" фармони ва ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди.

Таъкидланганидек, 2021–2025 йилларда Ўзбекистон фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш ва ажратиладиган маблағ миқдорини 70 миллиард сўмга етказиш вазифаси белгиланган.

"2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, "Ўзбекистон-2030" стратегияси каби концептуал аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларда ҳам фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришга оид қатор мақсад, вазифа ва кўрсаткичлар белгиланган. 2023 йили референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясида эса илк бор "Фуқаролик жамияти институтлари" номли боб ва ушбу тушунча конституцияга киритилди", – деб ёзилган мақолада.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!