Жамият маънавиятсиз қулаб тушади

Жамият маънавиятсиз қулаб тушади

Инсон одоби билан гўзал бўлганидек, жамият ҳам мукаммал маънавияти, юксак маданий мероси билан гўзалдир.

Бирор вилоятимиз йўқки қадимий ва мукаммал маданий меросимиз, кучли авлод-аждодимиз қолдирган изи бўлмаса. Муҳтарам Президентимизнинг қалб оғриқлари ҳам айнан шунда.

Жаннатмакон юртимизнинг ҳар бир гўшаси алломаларимиз билан машҳур. Масалан Бухоро – ал-Бухорий, Самарақанд – ал-Самарқандий, Хоразм – ал-Хоразмий, Термиз – ат-Термизий, Фарғона – ал-Фарғоний, Қарши – ал-Насафий , Қўқон, Наманган, Тошкентнинг шоир ва уломалари юртимизнинг фахри ҳисобланади. Шу ўринда бир савол туғилади, “биз қандайдир ташқаридан келган маънавий қуролга муҳтожмизми?”. Асло, биз фақат улкан маданий-маънавий мерос қолдирган алломаларни ўқиб, ўрганиб, уларнинг адолат, ҳақиқат, ор-номус, виждон, имон, эътиқод, бағрикенглик, одамийлик мулкларини тўғри ўзлаштиримиз лозим. Айнан бутун дунё ҳавас қиладиган меросни ўрганмаганимиз, тафаккуримизга сингдирмаганимиз натижасида биз, айниқса ёшларнинг дунёқарашига салбий таъсир қилмоқда. Шу ўринда уларнинг фикрини чалғитаётган ёт ғоялардан асраб, авайлаш ўта муҳим. Буни ҳозирдан бошлаш лозим. Акс ҳолда эртага кеч бўлади, деб ўйлайман.

Яқинда Президентимиз маънавият  зиёлилар  билан бўлиб ўтган учрашувда муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди. Учрашув давомида айнан бугунги глобал тарихий жараёнда – айнан маърифат, салоҳиятига эга бўлган, тажрибали, бой маънавият соҳиб-соҳибаларига долзарб, тўғридан-тўғри, бутун давлат ташкилотлари, вазирликлар, ҳокимият, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаб, халқимиз, миллатимиз дунёқарашига куч ва қувват бўлиш билан бир қаторда, битта йўлни, янгича фикрлаб, ҳар биримиз, жамиятда бўлаётган ўзгаришлар, бефарқ ва лоқайд бўлмасдан, бир ёқадан бош чиқариб, ўзлигимизни англашга чорладилар. Янгича мотивация – консолидация йўлларига, катта дарвоза очиб бердилар. Яъни иқтисодиёт тараққиётнинг танаси бўлса, маънавият жону дили, руҳи деб таъкидладилар.  Барча маҳаллаларга билимдон, олим-олималарни жалб қилишни маслаҳат бердилар ҳамда маънавият, ижод-гуллаб яшнаши учун 120 милиард сўм маблағ ажратдилар.

Юқорида мисол келтирган буюк алломаларимизнинг барчаси ўз ҳисобидан масжид ва мадраса қуриб, ҳаммани илм ва билимга, миллий ўзликни англашга ҳаракат қилишган. Бу биз учун катта сабоқ ва хазинадир.

Ҳар қандай давлатнинг гуллаб-яшнаши учун миллий меросни борлигича ўрганиб, эъзозлаб, тарғиб қилиб, ёшларимизнинг онги шуурига таъсир қила олишимиздир. Қандай санъат тури бўлишидан қатъий назар, у мақомми, тасвирий саънатми, адабиёт, театр, кино, каштачилик, миниатюра, гиламчилик,тўқимачиликми – барчаси инсон маънавий қиёфасига таъсир қилувчи асос ҳисобланади. Аммо биз маданий меросимизни фарзандларимизга ўргатиш, дунёқарашини кенгайтиришга ҳаракат қилдикми? Ачинарлиси кўпчилик бир кунлик тўю-тантанани тарғиб қилди, муҳим жиҳатларни унутиб қўйди. Президентимиз учрашувда жон куйдириб, қалб оғриғи билан жамиятимидаги маънавий таназзул бўлмиш оилавий ажримлар ҳақида гапирдилар. Мана сизга маънавий қашшоқликнинг илдизи. Бежиз алломамиз Абдулла Қодирий, “Бахтсиз куёв” ҳикоясида қарзга ботган ёш оиланинг фожиали ўлим билан тугаган, тўй харажатининг оқибати сабабини очиб ташламаган. Бу асарнинг ёзилганига 105 йил бўлибди. Аммо 21 технология асрида ривожланган Ўзбекистонимизда баъзи бир ўзига маънавий либосни эмас, сунъий, ўйлаб топган, эски стереотип остидаги расм- русумларни пеш қилиб, бемаъни тўй қилиб, ҳозир ҳам фожиа билан тугаётган оилалар йўқ эмас. Буларнинг барининг негизида маънавий кўрлик, қашшоқлик, манманлик, манқуртлик ётади. Бу эса баъзи бир “дипломлик” ота-оналарнинг билимсизлиги, ўз миллий-диний қадриятларидан бехабар бўлган ватандошларимиздир.

Бежиз давлат раҳбаримиз биз маънавиятчилар  билан учрашув жараёнида жамиятимиз илдизига болта ураётган, баъзи бир енгил-елпи кино, телекўрсатувлар, спектаклларни танқид қилмадилар. Нима учун энди қандайдир “тик-токчилар” ёшларимизнинг онгини заҳарлаши керак деб.

Ўзбекистон халқи бағрикенг, қалбидарё, меҳмондўст, бағри қуёш халқ. Юрагимиздан 130 ортиқ миллат ва эллатга дармон ва қуёшмиз. Шундай экан келгусида учрашувдаги муҳим масалаларнинг ечимига бор кучимиз, ғайратимиз, шижоатимиз, тажрибамиз билан профессионал ёндашамиз. Барчасини уддалашимизга ишонаман.

Жамила ШЕРМУҲАММЕДОВА,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти  фаол аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор,

“Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси,

халқаро тоифадаги спикер (тренер)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!