Ўзбекистон расмийси АЭС қурилиши бўйича баёнот берди

Ўзбекистон расмийси АЭС қурилиши бўйича баёнот берди

Энергетика вазири биринчи ўринбосари, март ойи охирида «Ўзатом»га директор этиб тайинланган Азим Ахмедхаджаев «Газета.uz» мухбирининг Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича Россия билан ўтказилаётган музокаралар қайси босқичда экани ҳақидаги саволига жавоб берди, дея ёзмоқда Газета.uz.

Сўнгги бор бу мавзуда март ойи сўнгида Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўрибосари Кирилл Комаров гапирганди ва АЭС қуриш бўйича шартнома юзасидан музокаралар «анча муваффақиятли» кечаётганини таъкидлаганди.

Корпорация расмийси мутахассислар аллақачон АЭС қурилиши мумкин бўлган майдонни батафсил ўрганиб чиққани ва энг мақбул технологик ечимларни аниқлаганини айтган. Комаров «Росатом» исталган вақтда ушбу лойиҳани амалга оширишга киришишга тайёрлигини қўшимча қилганди.

«Газета.uz» мухбири Россия расмийлари лойиҳага киришишга тайёрлиги ҳақида баёнотлар бераётгани ҳақида эслатди.

«Биз ҳозир фақат гаплашяпмиз, умумий гаплар бўляпти, ҳеч нарсанинг аниғи йўқ. Россия томони ҳам сал умумийроқ айтмоқда, лекин буни қандайдир қўшимча қўшиб, бошқа ҳикояга олиб чиқишяпти. Лекин, умуман олганда, ҳозир ҳеч нарса йўқ. Фақат умумий гап. Улар билан фақат қайси йўналишларда қандай имкониятлар борлигини кўриб чиқяпмиз», — деди Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги раҳбари.

Унинг қўшимча қилишича, томонлар фақат энергетика йўналиши бўйича гаплашмаяпти.

«Чунки атом фақат энергетика эмас. Медицина ҳам бор, қишлоқ хўжалиги ҳам бор, сув тозалаш ҳам бор ва ҳоказо. Ҳозир шу каби бошқа йўналишларни ўрганиб чиқяпмиз. Шундан кейин қайси соҳа бизга яқинроқ экани ва қайси соҳани биринчи бўлиб ривожлантиришимиз кераклигини аниқ тушунамиз», — дея таъкидлади «Ўзатом» директори.

Азим Ахмедхаджаев, шунингдек, атом энергияси бўйича бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмаётганини айтди.

«Ҳеч қайси давлат билан аниқ музокаралар бўлаётгани йўқ. Бошқа давлатлардан ҳар хил таклифлар келиб тушмоқда. Масалан, Америкадан ёки Кореядан. Ҳар хил таклифлар бор, уларни иш тартибида кўриб чиқамиз», — деди Ахмедхаджаев.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!