Ҳожиларнинг илк гуруҳи Наманганга қайтиб келди

Ҳожиларнинг илк гуруҳи Наманганга қайтиб келди

Бундан бир ой аввал муқаддас сафарга отланган Наманган вилояти зиёратчилари Ислом динидаги бешинчи аркон – Ҳаж зиёратини ёруғ юз билан, мукаммал тарзда адо этдилар.

Президентимизнинг диний бағрикенгликни таъминлашга қаратаётган эътиборидан баҳраманд бўлган ҳожиларимиз она Ватанимизга кўтаринки кайфиятда қайтишмоқда.

Водий ҳаво дарвозаси саналган Наманган халқаро аэропортида зиёратчиларни кутиб олиш учун барча шароит яратилди. Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридан парвозга кўтарилган "Uzbekistan Airways" авиакомпаниясининг ҳаво кемаси 245 нафар наманганлик зиёратчини юртимизга олиб келди.

Нурли юзи, қувноқ кўзида Ватан соғинчи намоён бўлган ҳожилар жамоасини Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов бошчилигида кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олди.

Наманган туманидаги Муллакудинг қишлоғининг пиру бадавлат нуронийси, маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат авлодининг давомчиларидан бири – 108 ёшли Иброҳим ота Хўжаевнинг қалб қўридан чиққан миннатдорлик изҳори барчани мамнун этди.

--Ҳожиларимиз муборак заминда Аллоҳнинг фарзи – Ҳаж амалини чиройли адо этишди. Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Ҳаж зиёратига ўз фуқароларига юксак даражада шароитларни ҳозирлаш бўйича 300 та давлат ўртасида кучли бешталикка кирди. Ҳаж арконларини бажариш учун юртимиз мўмин-мусулмонларига Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррамада яратилган шарт-шароитларга кўплаб мусулмонларнинг ҳаваси келди,--дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти вакили, вилоят бош имоми Мусохон домла Аббосиддинов. – Айниқса, давлатимиз раҳбарини зиёрат давомида биздан ҳол сўраб, муфтий ҳазратларига қўнғироқ қилганлари кўнглимизни тоғдек кўтарди.

Зиёратчиларимиз Маккадан соғу саломат қайтишгани ва яқинлари дийдорига етишгани учун шукрона келтириш асносида, элимиз, Юртбошимиз ҳаққига хайрли дуолар қилишди. Эндиликда ҳожилик бахтига муяссар бўлган ҳамюртларимиз жамиятда барчага ўрнак бўлиб, ёшларни илму маърифатга чақириш, аҳолини эзгу ишларга бошлаш, оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам кўрсатиш ишларида бошчилик қиладилар.

-- Узоқ йиллар саноат ва ишлаб чиқариш тармоқларида меҳнат қилдим. Насибамиз қўшилиб, аёлим билан биргаликда кексалик чоғимизда қутлуғ Ҳаж зиёратини бажариш насиб этди,--дейди Наманган шаҳридаги Маданий маориф маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Маҳмуджон Адашев. – Муаззам манзилларда бизга яратилган шароитлар кутганимиздан-да аъло даражада бўлгани учун ҳам муборак амалларни холис ниятда бекаму куст бажардик. Аслида, ҳожи бўлиш осон, лекин шу номга бир умр содиқ бўлиб қолиш мушкул. Шу маънода, Президентимизга йўллаган мурожаатимиздан келиб чиққан ҳолда ўз маҳалламизда олдимизга қўйган вазифаларни бажаришга киришамиз. Маҳалладошларни эзгуликка эргаштириб, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшамиз.

Аэропортдаги кутиб олиш маросимидан сўнг ҳожиларнинг илк гуруҳи махсус бириктирилган шинам автобусларда яшаш ҳудудлари – Наманган шаҳри, Уйчи, Норин, Косонсой ва Поп туманларига кузатиб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, мустақилликнинг илк даври – 1992 йилда Наманган вилоятидан атиги бир нафар киши Ҳаж зиёратига борган бўлса, “Ҳаж-2024” дастури доирасида 1 минг 600дан зиёд фуқаро муқаддас амалларни бажарди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!