Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши бекор қилинди - Экология вазирлиги

Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши бекор қилинди - Экология вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5000 та шар учирилиши ҳақида эълон тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолат юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўрганиш давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди ва ҳолатга чек қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар доимий тарзда қоралаб келинмоқда. Вазирлик томонидан бу каби ҳолатлар тақиқланганлиги ва жавобгарликка сабаб бўлиши қайта-қайта таъкидланмоқда.

Хусусан, аввалроқ «Янги Ўзбекистон» боғида 10 000 та пластик ўрдакчалар туширилмоқчи эканлиги хабарлар тарқалганди. Вазирлик бу ҳолат юзасидан кескин муносабат билдирди. Натижада бу тадбир бекор қилинди.

Диққат!

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 28 июндаги «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, оммавий тадбирларда фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар ва товар моддий бойликларини бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.

Оммавий тадбирларни ўтказиш қоидаларига амал қилмаган тадбир ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси МЖтКга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

Аммо, минг афсуски, экология ва аҳоли саломатлиги ҳақида умуман қайғурмайдиган айрим тадбиркорлар, ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан шар учириш каби тадбирлар ўтказилиши учраб турибди.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Экология вазирлиги томонидан турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хусусан, шарларни Ўзбекистонга олиб кириш учун божхона тўловларини 10 бараварга ошириш, юртимизда шар учириш каби тадбирларни ўтказмоқчи бўлганларга утилизация талабини қўйиш ва бунда шарларнинг нархига нисбатан 100 баравар миқдорда нарх белгилаш таклиф қилинмоқда.

Экология вазирлиги бу каби ҳолатларга чек қўйиш мақсадида жамоатчилик назоратини кучайтириш тарафдори. Шунинг учун экологияга бефарқ бўлмаган юртдошларимизни пластик ўйинчоқлар, шарлар учириш каби тадбирларга йўл қўймаслик, бундай тадбирларда иштирок этмасликка чақирамиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!