Тошкент туманида замонавий кўринишдаги 3 та Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди

Тошкент туманида замонавий кўринишдаги 3 та Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг келажак авлодга алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги туфайли бугун мамлакатда ёшлар сиёсатини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳукумат даражасида изчиллик билан олиб борилмоқда.
Бу эзгу амалларнинг қуйи бўғин, маҳаллалар даражасида фаол бажарилиши эса эртанги кун эгаларининг муносиб шароитлар билан камол топиши, кутилган натижаларга эришиши йўлида муҳим дастурил амал бўлиб хизмат қилади.
Хабарингиз бор, президент топшириғига биноан вазирликлар, ҳокимликлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига ҳудудлардаги шароити оғир, кўмакка муҳтож ёшлар бириктирилиб, уларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш мақсадида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётган эди. "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбариятига бириктирилган бир гуруҳ ёшлар билан бўлиб ўтган турли мулоқотларда улар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Ёшлар қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида ишлар олиб борилиши натижасида ҳеч қанча вақт ўтмай таклифларнинг энг йириклари рўёбга чиқди.
Хусусан, Тошкент туманидаги 4-, 9 ва 27-умумтаълим мактаблари ҳудудларида барча шароитларга эга бўлган замонавий спорт майдончаси, энг сўнгги компютерлар ва дастурий таъминот билан жиҳозланган ИТ хоналари ҳамда мўжазгина кутубхоналарни ўзида жамлаган Ёшлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бу албатта ҳудуд аҳолисининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, улар имкониятларини тўлалигича рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар эшигини очади.
"Ёшлар куни" муносабати билан фойдаланишга топширилган ушбу марказларнинг очилиш маросимида иштирок этган Жамият раҳбарияти, ҳокимлик масъуллари, маҳалла фаоллари, жамоатчилик ҳамда ёшлар вакиллари бу имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, янги марказлар келажакда ёш чемпионлар, салоҳиятли ёшлар, ИТ соҳасидаги илғорлар, олимлар, етук ва баркамол шахслар етишиб чиқишида муҳим манзил бўлишини таъкидлашди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!