Ўзбекистон Япониянинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар борасидаги тажрибасини ўзлаштиради

Ўзбекистон Япониянинг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар борасидаги тажрибасини ўзлаштиради

17 апрел куни Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти раҳбари Зокир Раҳимов ва JICA (Japan International Cooperation Agency — Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги) нинг Ўзбекистондаги вакили Вакуи Акико ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистондаги миллий табиат боғларида барқарор экотуризмни ривожлантириш тўғрисидаги лойиҳалар кўриб чиқилди. Хусусан, Зомин миллий табиат боғида япон услубидаги экотуристик зоналари, ташриф марказлари (висит cентер) ҳамда ҳайвонлар учун валерларни ташкиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

“Япония тажрибасини ўрганиш биз учун муҳим. Бу экотуризм ҳамда ички туризмни янада ривожлантиришга имкон беради, — деди Зокир Раҳимов. — Биз, шунингдек, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга Ўзбекистон миллий табиат боғларининг флора ва фауна дунёсини янада танитишни мақсад қилганмиз”.

Музокаралардан мақсад миллий табиат боғларида экотуристик зоналарни ташкил этишда Япония тажрибасидан фойдаланиш учун япониялик мутахассисларни лойиҳага жалб қилиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ходимларини тажриба алмашиш мақсадида Японияга малака оширишга юбориш, икки давлат ўртасидаги ҳамда Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти ва JICA ўртасида доимий яқин ҳамкорликни ўрнатишдан иборат.

“Ўзбекистон табиати жуда гўзал, айниқса, Самарқанддаги табиий масканлар менда ўзгача таассурот қолдирган. Зомин миллий табиат боғи ҳақида ҳам кўп эшитганман. Бу ерда экотуризм зоналарини ташкил этиш, туризмни ривожлантириш, албатта, биз учун ҳам муҳим, ҳам қизиқарлидир”, – деди Вакуи Акико.

Учрашув якунида япониялик мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилиш ва METH ходимларини Японияга малака ошириш учун юбориш, ўзаро тажриба алмашиш борасида келишувга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!