Ов қилиш тўғрисида фармон имзоланди

Ов қилиш тўғрисида фармон имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республикада ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди.

Унга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб овчилик хўжалиги ташкил этишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

а) ов қилиш фақат овчилик хўжаликлари ҳудудида амалга оширилади ва овчилик хўжаликлари ҳудудидан ташқарида ов қилишни амалга ошириш тақиқланади (табиий сув оқимларида, шунингдек каналларда ва коллектор-дренаж тармоқларида умумий фойдаланиш тартибида жисмоний шахслар томонидан балиқ тутиш, ёввойи ҳайвонларнинг сонини тартибга солиш мақсадида ов қилиш ҳамда Экология вазирлиги томонидан белгиланган тартибга асосан эркин ов қилиш ҳудудларида ов қилиш бундан мустасно);

б) овчилик хўжаликларини ташкил этиш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар ҳамда ўрмон фонди ерларидан 10 гектаргача ер участкаси овчилик базалари ва 100 гектаргача ер участкаси питомниклар барпо этиш учун битта лот сифатида инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни белгилаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга электрон онлайн-аукцион орқали 49 йил муддатга қуйидаги босқичларда ижара ҳуқуқи асосида ажратилади:

биринчи босқичда -10 йил муддатга;

инвестиция ва шартномавий мажбуриятларни бажариш натижаларига кўра:

иккинчи босқичда - 10 йил муддатга;

учинчи босқичда - 29 йил муддатга.

Бунда, икки йил муддат ичида ёввойи ҳайвонларни етиштириш ва такрор кўпайтириш бўйича питомниклар инфратузилмаси ёки такрор кўпайтириш участкаси ташкил қилинмаса, ижара шартномаси бекор қилинади;

в) электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахсларга овчилик хўжаликларига (овчилик базалари ва питомникларга) туташ ҳудуддаги ов қилиш жойлари Экология вазирлиги билан тўғридан-тўғри тузиладиган ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномага асосан овчилик хўжалигини юритиш учун бириктириб берилади. Бунда:

бириктирилган ов қилиш жойларидан фойдаланганлик учун ундириладиган йиллик ҳақ миқдори Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишган ҳолда Экология вазирлиги томонидан белгиланади;

электрон онлайн-аукцион ғолиби бўлган юридик ва жисмоний шахслар овчилик хўжалигини юритиш учун туташ ҳудуддаги ов қилиш жойларини бериш тўғрисидаги шартномани тузишдан бош тортган тақдирда, электрон онлайн-аукцион натижалари бекор қилинади ва ер участкалари қайта электрон-онлайн аукцион савдоларига чиқарилади;

г) овчилик хўжаликлари:

Экология вазирлиги томонидан тасдиқланадиган форматда ишлаб чиқилган ва келишилган 10 йилга мўлжалланган техник-иқтисодий асоснома материаллари асосида фаолият юритади;

питомникларда ёввойи ҳайвонларни тўлиқ босқичда етиштиришни йўлга қўйган ҳолда ўзларига бириктирилган ов қилиш жойларига қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига тенг миқдорида ёввойи ҳайвонларни Экология вазирлиги томонидан белгиланадиган тартиб асосида, уларнинг урчиш пайтларидан ташқари йил давомида ов қилишни ташкил этади. Бунда, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатнома олиш талаб этилмайди;

д) ёввойи ҳайвонларнинг урчиш пайтлари Зоология институтининг хулосаси асосида белгиланади.

2024 йил 1 октябрдан бошлаб овчилик гувоҳномасини беришнинг қуйидаги тартиби ўрнатилади:

овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни махсус ўқув курсларида ўқитиш жорий этилади;

овчилик гувоҳномаси муомалага лаёқатли, ўн саккиз ёшга тўлган, ўқув курсларини тугатган ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган жисмоний шахсларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Экология вазирлиги ҳузуридаги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти томонидан 2 йил муддатга берилади;

овчилик гувоҳномаси берилганлиги тўғрисидаги маълумот жисмоний шахсларнинг паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси маълумотларига интеграция қилинади;

овчилик гувоҳномасини олиш учун ўқув курслари биохилма-хилликни асраш, ҳайвонларнинг турлари ва анатомияси, ов қилиш қоидалари, ов қилиш этикаси ва ов усуллари ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича махсус билимлар ўргатилишини назарда тутган ҳолда Департамент ёки таълим муассасалари томонидан ташкил этилади;

овчилик гувоҳномасининг амал қилиш муддатини узайтириш учун ўқув курсларида қайта ўқиш талаб этилмайди;

овчилик гувоҳномасини расмийлаштирганлик учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида, нафақадаги ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида белгиланади;

овчилик гувоҳномасини бериш тартиби ва овчилик гувоҳномасини олиш учун талабгорларни ўқув курсларида ўқитиш тартиби Экология вазирлиги томонидан белгиланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!