Уханда ёввойи ҳайвонларни ейиш, ов қилиш ва сотиш тўлиқ тақиқланди

Уханда ёввойи ҳайвонларни ейиш, ов қилиш ва сотиш тўлиқ тақиқланди

Коронавирус илк бор қайд қилинган Хитойнинг Ухан шаҳрида ёввойи ҳайвонларни ейиш, ов қилиш ва сотиш тўлиқ тақиқланди. Тақиқлов 5 йил давомида кучда бўлади. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти маълум қилган. Ушбу қарор коронавирус инфекцияси ҳайвонлардан одамларга юққани тахмин қилиб келинаётгани сабабли қабул қилинган.

“Ёввойи ҳайвонларни истеъмол қилиш, уларга ов қилиш, ноқонуний савдоси ҳамда истеъмол қилиш учун тутқунликда кўпайтириш тўлиқ тақиқланади”, дейилган хабарда.

Жумладан, қуруқликда яшовчи барча ҳайвонлар, шунингдек,  давлат томонидан муҳофаза қилинувчи, табиий муҳитда ўсган, инсонлар томонидан ўстирилган ёввойи ҳайвонларни ва улардан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилиш тақиқланади.

Ушбу фармон йўқолиш хавфи остида бўлган камёб ҳайвонлар ҳамда истеъмол қилиниши қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тақиқланган ҳайвонларни ҳам ўз ичига олади.

Бозорлар, интернет савдо майдончалари, дўконлар ва бошқа савдо нуқталарида ёввойи ҳайвонлар савдосига йўл қўйилмайди. Шунингдек, бирорта ташкилот ёки жисмоний шахс ёввойи ҳайвонлар ва улардан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилишга чақирувчи реклама жойлаштириши ман қилинади. 

Аввалроқ Хитойнинг Цзилинь провинциясида коронавируснинг авж олиши сабабли 108 млн киши карантинга олинганди. Маҳаллий аҳоли мамлакатда эпидемия тугаган деб ҳисоблагани сабабли бундан саросимага тушиб қолган. Коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида провинция билан темир йўл ва автобус алоқаси тўхтатилган, мактаблар ёпилган, қатъий карантин чоралари киритилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!