Ўзбекистон финтех-инновация марказига айланади

Ўзбекистон финтех-инновация марказига айланади

Учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми кун тартибидаги “Ўзбекистонда Финтех: ривожланишнинг замонавий тенденцияси” мавзуси мунозарасида соҳанинг еткчи экспертлари, мутахассислар жамланди.

Барча спикерлар глобал иқтисодий трендлар ва минтақанинг ўзига хослиги нуқтаи назаридан муҳокама қилинаётган масалаларга жиддий қизиқиш билдириб, айни йўналишдаги муаммолар долзарблигини таъкидлашди.

Иштирокчилар мамлакатимиз финтех (молиявий технология) бозорининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, жадал ўсиш суръати ва замонавий технология воситалари интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратдилар. Инновацион ёндашув мамлакат молия сектори рақобатбардошлигини таъминлашга қай даражада ҳисса қўшиши мумкинлиги, рақамли ҳамён, электрон тижорат ва рақамли банк хизматини ривожлантириш истиқболи кўриб чиқилди.

– Ўзбекистонда молиявий технология соҳасидаги стартаплар учун қулай шарт-шароит мавжудлигига гувоҳ бўлдик, – дейди “Acronis” компанияси бошқарувчи директори Марк Шмулевич. – Ҳукуматнинг қўллаб-қувватлаши ва хорижий инвестиция фаол жалб қилиниши орқали республика Марказий Осиёда финтех-инновация марказига айланиш салоҳиятига эга. Бунинг учун Ўзбекистон саноат барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида айни йўналишда малакали мутахассислар тайёрлашга кўпроқ эътибор қаратиши керак.

Таълим, рақамлаштириш ва ахборот хавфсизлиги тизимини шакллантириш ҳам муҳим экани қайд этилди.

Маърузачилар молиявий саводхонлик ва рақамли трансформацияни рағбатлантиришга мўлжалланган “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси муҳокамасига ҳам алоҳида ўрин ажратишди. Экспертлар фикрича, мобил алоқа ва интернет мамлакатнинг минтақадаги технологик етакчилигини мустаҳкамлаш режасини амалга ошириш учун қулай замин яратади.

Ўзбекистон Финтех ассоциацияси директори Наргиз Дўстматова таъкидлашича, бу йил чакана банк хизмати соҳасида ижобий натижалар қўлга киритилган. Хусусан, банклар чакана мижоз учун кўплаб харидоргир маҳсулотлар яратмоқда, хизматлар жорий қилмоқда. Афсуски, ҳозирча корпоратив банк ривожланиши бироз оқсамоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!