Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди

Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ:

2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар Сурхондарё вилоятида инвесторлар томонидан янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш (реконструкция қилиш бундан мустасно) харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан бир марталик субсидия ажратилади;

субсидия 2024 йил 1 майдан 2026 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги ташкил этилган меҳмонхона учун унинг тоифаси ва хоналар сонидан қатъи назар ажратилади;

субсидия Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаган, шунингдек, банкротлик ва тугатиш жараёнида бўлмаган инвесторларга ажратилади.

Субсидия қуйидаги миқдорларда ажратилади:

тоифасиз меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 15 млн сўм;

1 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 20 млн сўм;

2 юлдузли тоифага эга меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун - 25 млн сўм;

3 ёки 5 юлдузли тоифага эга меҳмонхона учун - Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм йўналишидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳада давлат бошқаруви тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 27 июлдаги ПҚ-238-сон қарорида белгиланган миқдорларда.

Қарор билан Сурхондарё вилоятида янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун инвесторларга Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом тасдиқланди.

Низомда:

субсидия ажратиладиган инвесторларга қўйиладиган талаблар;

субсидия олиш учун ариза бериш тартиби ҳамда тақдим этиладиган ҳужжатлар;

аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш тартиби;

субсидия ажратишни рад этиш асослари;

субсидия сифатида ажратилган маблағларни инвесторларга ўтказиш тартиби белгилаб берилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!