Шаҳрисабзда директор ўринбосари ўқувчиларнинг сочини нега қайчилаб ташлади?

Шаҳрисабзда директор ўринбосари ўқувчиларнинг сочини нега қайчилаб ташлади?

Дарё га Шаҳрисабз шаҳридаги 7-умумтаълим мактабидан мурожаат бўлди. Мурожаатда муаллиф мактаб ўқувчиларининг ўқитувчилар фаолиятидан норози эканлигини ёзиш баробарида ўқитувчиларнинг 6 10-синфларда таҳсил олувчи ўғил болалар сочини қайчилаб, уларнинг устидан кулганини иддао қилади.

Ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида журналист Отабек Қўлдошев 21 январь куни Шаҳрисабз шаҳридаги 7-умумтаълим мактабида бўлди. Ўзини Хуршид Сайфиев, Аброр Мардонов, Ҳузайфа Рашидов ва Озодбек Даминжоновлар деб таништирган ўқувчилар ҳақиқатдан ҳам ушбу ҳолат бундан тўрт-беш кун илгари содир бўлганини тасдиқлаб, бу ишни мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шаҳбоз Исломов қилганини айтишди.

Ўтган пайшанба куни (17 январь назарда тутилмоқда) танаффус пайтида ўқитувчимиз Шаҳбоз Исломов келиб сочимизни калталатмаганимиз учун қайчи билан кесиб ташлади, дейди ўқувчилар Хуршид, Аброр, Ҳузайфа ва Озодбек. Бу пайт мактаб раҳбариятидан Ёшлар иттифоқи етакчиси ҳам бор эди.

Суҳбатдош ўқувчилар директор ўринбосари Шаҳбоз Исломов одатда ҳар сафар уларни огоҳлантириб кейин чора кўришини айтар экан, бу сафар улар ҳеч қандай огоҳлантиришсиз сочи кесилганини билдирди. Бу сафар бизни огоҳлантирмаганди, дейди 8- Б синф ўқувчиси Ҳузайфа Рашидов. Ўқитувчимизга бугуноқ сочимни олдираман дедим. Аммо барибир кесди .

Ўқитувчимиз огоҳлантиришсиз бундай чора қўлламасди, дейди 8-синф ўқувчиларидан яна бири Озодбек Даминжонов. Балки мен эшитмай қолгандирман. Аммо нима бўлганда ҳам айб ўзимизда. Шунинг учун уйдагилар ҳам эътироз билдиришмади .

Илгари бундай ҳолат умуман содир этилмаган, дейди мактаб директори Фаёза Исматова. Тўғри, тартибни сақлаш мақсадида бундай ҳолат ҳақида ўқувчиларимизни огоҳлантирганмиз. Қизларга сочини тартибга солиб келишлари лозимлигини уқтирганмиз. Аммо соч кесиш ҳолати ҳам ҳамманинг олдида эмас, синфхонада тўғри тушунтиш берилиб, сочини олдирсин деган мақсадда озгина кесилган бўлиши мумкин .

Мактаб директори ўринбосари томонидан ушбу ҳаракат содир этилганини таъкидлар экан, бу ўқувчилар билан дўстона мулоқот эканлигини такрорларди. Шунда мактаб директорига Барча ўқувчилар кўз ўнгида боланинг сочини қайчилаш дўстона ҳаракат ҳисобланадими дея савол берар эканмиз, ҳарчанд уринмайлик аниқ жавоб ололмадик. Мутасадди гапни айлантиришдан нарига ўтмади.

Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шаҳбоз Исломов ўқувчилар сочини қайчи билан кесганини тан олиб, ҳолатга қуйидагича изоҳ берди. Ўқувчини изза қилиш мақсадида қилинмаган бу ишлар, шунчаки дўстона муносабат бўлиб, сочини олдирсин деб кўринмайдиган жойидан кесганмиз .

Билинар-билинмас кесилган бўлса ҳам, ўқувчилар ўртасида гап бўлади-да. Энг ёмони шу, дейди Озодбек Даминжонов.

Ўқувчилар билан суҳбат жараёнида баъзи бир ўқувчиларнинг 17 январь куни дакки эшитиб, сочи кесиб ташланган бўлса ҳам ҳалигача сочини калталатмай юрган ҳолатига ҳам гувоҳ бўлдик.

Шаҳбоз Исломовнинг маълумот беришича, мактабда туман ИИБ ходимлари билан ҳам назорат тадбирлари ўтказиб турилади. Одатда синфхоналарда тартибни сақлаш мақсадида рейд лар ўтказамиз, дейди директор ўринбосари. Ўша пайтда ўқувчи ёшларнинг хатти-ҳаракатини назорат қилиб, уларда ортиқча нарсалар бўлса олиб қўямиз. Масалан, баъзи ўғил болаларнинг чўнтагидан сигарет, пичоқ, чопқи (тиғли қурол) чиққан ҳолатлари ҳам бўлган. Шу ҳолатларнинг одини олиш мақсадида доимий назорат қилиб турамиз .

Мактаб психологи сифатида ушбу хатти-ҳаракатни оқламайман, албатта, дейди Лола Тошева. Аммо ҳар сафар огоҳлантирилишига қарамасдан гапга қулоқ солмайдиган болалар ҳам бор-да. Тўғри, бу ҳаракат ҳаммага ҳар хил таъсир қилиши мумкин .

Ўқувчига нисбатан бундай ҳаракат қилиш жуда қўпол хато ҳисобланади, дейди Шаҳрисабз шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси Зуҳра Зайниддинова. Ушбу мактабга халқ таълими томонидан бириктирилган вакил сифатида буни қоралайман. Директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бу борада нафақат ўқувчиларга барчага ўрнак бўлиши керак-ку аслида .

Шаҳар халқ таълими бўлими мудири Баҳодир Рўзиев суҳбатимиз жараёнида диктофондан фойдаланишимизга қарши эканлигини айтиб, маълумотларни ёзиб олишимиз мумкинлигини, ҳар қандай вазиятда ҳам айтган гапидан тонмаслигини билдирди. Ва ушбу ҳолат бўйича мактаб раҳбариятига албатта чора кўришларини, бу хусусидаги ҳужжатларни бизга тақдим этишини айтди.

22 январь куни бўлим мудири билан телефон орқали мулоқот қилганимизда мудир 7-умумтаълим мактаби директорининг ўринбосарига нисбатан ҳайфсан берилганини айтди. Бироқ ХТБ вакиллари айтилган муддат ўтиб кетган бўлишига қарамасдан бу ҳақдаги ҳужжатни тақдим қилишмади.

Журналистик кузатувларимиз давомида ушбу мактабнинг спорт зали ҳам таъмирталаб эканлигию, таъмирлаш ишлари охирига етказилмай қолиб кетганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Халқ таълими бўлими тақдим этган ҳужжатга кўра, бўлим мудири 2018 йилнинг 5 декабрь санасида шаҳарнинг собиқ ҳокими И.Нусуровга расмий хат ёзиб, мактаб спорт залининг пол қисми 2016 йил чала таъмирланганлиги ҳақида билдирган ва бу ўқувчилар учун ноқулайлик туғдираётганини айтган. Ҳокимдан бу борада амалий кўмак сўралган. Шаҳар ҳокими бу мурожаатга қандай муносабат билдирган бизга қоронғи. Боиси бу борада ҳеч қандай ҳужжат йўқ.

Гарчи шаҳар халқ таълими бўлими масъули кўрилган чора хусусида ҳеч қандай ҳужжат тақдим этмаган бўлса-да, ўша куни ўзи эшитган ҳақиқатдан кўз юммаганлигига ишончимиз комил.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!