Сингапур шартномаси товар белгилари соҳасида мақбул шароитларни яратади

Сингапур шартномаси товар белгилари соҳасида мақбул шароитларни яратади

Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномаси 2006 йил 27 мартда қабул қилинган ва 2009 йил 16 мартда кучга кирган. Бугунги кунда Сингапур шартномаси дунёнинг 54 та мамлакати ҳудудида амал қилади. Ундан кутилган мақсад, товар белгилари соҳасида ишловчи ва шу соҳа иштирокчиси бўлган барча мамлакатлар ҳамда регионал ташкилотларда товар белгиларига ҳуқуқий муҳофаза олиш тизими фойдаланувчилари учун янада мақбул шароитларни яратишдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Товар белгилари бўйича қонунлар тўғрисидаги Сингапур шартномасини (Сингапур, 2006 йил 27 март) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун ташаббускорларининг қайд этишича, мазкур шартнома ратификация қилиниши билан товар белгиларига оид мавжуд халқаро нормаларни модернизация қилиш, хусусан, ҳужжатларни электрон шаклда топшириш, электрон имзодан фойдаланиш, ноодатий товар белгиларини (товуш, голографик белгилар) товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш каби тартиблар жорий этилади. Шунингдек, уйғунлаштирилган тартиб-қоидалар ва стандартлаштирилган ҳужжат шакллари бир неча давлатларда ва Ўзбекистонда товар белгиларини рўйхатдан ўтказишга интилаётган маҳаллий ва хорижий корхоналарнинг вақти ва маблағи тежалади.

Бундан ташқари, товар белгисидан фойдаланишга оид лицензия ҳамда ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказишга оид шартномаларни рўйхатдан ўтказишда максимал талабларнинг жорий этилиши натижасида ортиқча ҳужжатларни тақдим қилиш бартараф этилади. Бу орқали миллий ва хорижий товар белгисидан шартнома асосида фойдаланиш сони ошади.

Муҳокамаларда депутатлар мазкур ҳужжатнинг мамлакатимизда инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига хизмат қилишини эътироф этиб, уни кейинги ўқишда қабул қилишди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!