Қўқонда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида Туркия тажрибаси жорий этилади

Қўқонда чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида Туркия тажрибаси жорий этилади

Туркияда турк дунёси муниципалитетлари иттифоқи (ТДМИ) директорлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов Истанбулнинг Пендик муниципалитетида бўлиб ўтган учрашувларда мамлакатимиз вакили ҳамда ТДМИ директорлар кенгаши аъзоси сифатида иштирок этди.

Мулоқотларда ТДМИ аъзоларининг инвестициявий, иқтисодий ва маданий ҳамкорлик борасидаги ҳамкорлик алоқалари истиқболи муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон маҳаллий давлат ҳокимияти вакилларининг Туркияда малакасини ошириш, ТДМИнинг навбатдаги йиғилишини мамлакатимизда ўтказишга келишиб олинди.

Қўқон шаҳар ҳокими Туркий дунё давлатлари муниципалитетлари директорлар Кенгаши бош котиби Фахри Солак ҳамроҳлигида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан тузилган келишувга кўра, маҳаллабай ишлаш борасида Туркия тажрибасини ўрганиш учун юртимиздан борган ҳоким ёрдамчилари билан учрашди. Малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган мутахассисларга сертификатлар топширилишига бағишланган тантанали тадбирда қатнашди.

— Ташриф давомида Пендик муниципалитети ташаббуси билан барпо этилган чиқиндиларни қайта ишлаш заводи фаолияти билан ҳам танишдик, — дейди М. Усмонов. — Заводни молиялаштириш тизими, чиқиндини қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар бизда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис туркиялик тадбиркорлар билан мулоқот олиб борилиб, Қўқон шаҳрида ушбу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!