Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоизга етказилди

Аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоизга етказилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б. Зокировга “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Парламент сўровида ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳаларни якунига етказиш борасида кўрилаётган чоралар, истеъмолчиларга масофадан маълумот узатувчи замонавий сув ҳисоблагичлар ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралганди.

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мазкур парламент сўровига юборилган жавобни кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва оқова сув хизматлари кўрсатишни кенгайтириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2017-2023-йилларда республикани ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 15 трлн. сўмга яқин маблағлар ҳисобидан 5 166 та ичимлик ва оқова сув обектлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Шу даврда хорижий молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда жами 825 млн. долларлик лойиҳалар доирасида 124 та йирик иншоотлар қурилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017-йилдаги 64 фоиздан 77 фоизга етказилди.

Шунингдек, 9,3 миллион нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланиб, 7,3 миллион нафар фуқароларнинг ичимлик суви таъминоти яхшиланди. Бу орқали қўшимча 221 минг истеъмолчиларга шартнома асосида хизмат кўрсатиш ташкил этилди.

Жорий йилда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, давлат буджетидан ажратилган 1 трлн. 94 млрд сўм маблағ ҳисобидан 68 та ичимлик, 21 та оқова сув обектларини қуриш, 861 км. ичимлик ва 201 км. оқова сув тармоқларини тортиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, хорижий молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги 20 та лойиҳа доирасида жами 308,2 млн. долларни ўзлаштириш режалаштирилган бўлиб, бунинг ҳисобига 452 км. ичимлик ва 110 км оқова сув тармоқлари тортиш, 8 та сув тақсимлаш иншооти, 15 та оқова сув насос стансияларини қуриш кўзда тутилган.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, 2024-йилда қиймати 256,7 млн. доллар бўлган 4 та йирик лойиҳаларни бошлаш режалаштирилган. Натижада йил якуни билан аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 77 фоиздан 81 фоизга етказилади.

Мажлисда парламент сўровига жавоб юзасидан масъул қўмитага тегишли вазирлик билан биргаликда қайта кўриб чиқиб, депутатлар томонидан кўтарилган таклиф ва тавсиялар асосида такомиллаштириш вазифаси берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!