Ҳозирги олимипия терма жамоамиз олтин авлодми?

Ҳозирги олимипия терма жамоамиз олтин авлодми?

Хайрулла ака ўз телеграм каналида Темур Кападзега олтин авлод тўғри келиб қолгани ёки тескариси бўлгани ҳақида ёзганини ўқиб, ўйлаб қолдим - аввалги таркиблар қандай бўлган эди?

Менга айниқса, 2007 йилда Абрамов билан йўлланмани бой берган жамоа жуда кучли кўринди: Одил Аҳмедов бор эди, Азиз Ҳайдаров, бошқа Азиз, Ибрагимов ҳам умидли легионер, адашмасам, Анзур ҳам, Виталий Денисов аллақачон юлдуз, кўпи терма жамоадаям ўрнини топиб улгурган.

Ҳа, ҳозиргилардаям миллий жамоа аъзолари бор, шунда ўйлаб қолдим, балким ўша таркибдаги футболчиларнинг кўпи кейинчалик узоқ вақт яхши футбол ўйнаб, етакчи футболчиларга айлангани учун ҳозирдан қараганда, зўр кўринаётдир?

Бу худди машҳур «Милан» таркиби ва у билан боғлиқ ўзим тўқиган парадоксга ўхшайди. Интернетда аср бошидаги «Милан» таркиби биргаликда қайсидир ўйин олдидан тушган расм айланиб юради. Даҳшатли даражада юлдузли таркиб, қандай қилиб улар ҳар доим, ҳаммани ютиб ташламаган, деб ҳайрон қоласиз.

Аммо аслида, биласизми, у таркиб биз ўйлаган каби кучли эмас. Масалан, Пирло, ҳа, катта футболчи, лекин ўша расм олинган пайтда ёш, умидли бир йигит эди, Кака, «Олтин тўп» соҳиби, аммо бу иш ҳали содир бўлишига анча бор. Малдини балким тарихдаги энг зўр ҳимоячи, шу билан бирга шу пайтда ёши ўтган, энг зўр даврида бўлмаган. Ҳоказо. Биз шунчаки, ўша футболчиларнинг бутун фаолияти ўлчови билан расмга қараймиз - ҳақиқатда буюк футболчилар. Агар вақт деган тўртинчи ўлчамни четга олиб қўйсак.

Нима демоқчиман?

Албатта, бугунги натижанинг ўзи катта қаҳрамонлик. Йигитлар эшикни бузишди, энди худди ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги чемпионатлар каби, олимпиада учун саралаш мусобақаларда ҳам оёқларимиз қалтирамайди. Худо хоҳласа, олимпиадада қатнашиш одатий юмушимизга айланади.

Иккинчидан, ёзда катта жамоаларга қарши катта майдонларда тўп сурган ёшларимиз ўз тажрибаси билан мундиал саралаш баҳсларида ҳам жонимизга оро киришади. Дунё миқёсидаги мусобақалар қанчалик халқ учун, муҳит эътибори билан ҳам, нақадар катта воқеа эканини тушунишиб, у ерларга яна қайтиш учун бор имкониятини ишга солишади.

Ва учинчидан. Энг муҳими. Бу йигитлар футболда шундай фаолиятга эга бўлсинларки, уларнинг ҳар бирида клуб миқёсидаги ва миллий жамоа билан ғалабалари шу қадар кўп ва салмоқли бўлсинки, қачондир, кун келиб, яна турли даврлардаги олимпия жамоаларимиз ҳақида мунозара бошланганда, 2024 йилга қараб туриб, ростанам Кападзеда даҳшатли даражада юлдузли таркиб бўлган экан-да, бу футболчилар билан олимпиадага чиқмасликнинг ўзи иложсиз-ку, деб юборайлик...


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!