Германия Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиради

Германия Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиради

Ўзбекистон ва Германия муносабатлари кенг доирада ривожланиб бормоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий-гуманитар ҳамкорлик янада мустаҳкамланади ҳамда парламентлараро алоқалар ривожлантирилади.

Бу Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Германия Бундестагидаги “Германия – Марказий Осиё” парламент гуруҳи раисининг ўринбосари Манфред Грунд бошчилигидаги делегация билан учрашувда қайд этилди.

Мулоқот чоғида Германия Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, тез ривожланиб бораётган Ўзбекистон билан кўп қиррали муносабатларни янада чуқурлаштиришга тайёр экани айтиб ўтилди.

Биринчи навбатда, барқарор ўсиб бораётган иқтисодий йўналишда товар айирбошлаш ҳажмини кенгайтириш, янги инвестицияларни жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш бўйича қизиқиш билдирилди.

Икки давлат ўртасидаги муносабатларда парламентлараро мулоқотнинг муҳимлигидан келиб чиқиб, бу борада қатор режаларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, икки томонлама алоқаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, парламент қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва уни янада ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. Электрон парламентни жорий этиш бўйича тажриба алмашишга келишиб олинди.

Делегация аъзолари Ўзбекистонда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Мазкур жараёнда Германия фаол иштирок этишга тайёрлиги билдирилди.

Меҳнат муносабатлари, гендер тенгликни таъминлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий-гуманитар соҳаларда ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Германия парламентлари муносабатларининг янги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида ҳамкорликка оид тегишли ҳужжатларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!