Саратон метастазларида яшовчи бактерияларнинг батафсил каталоги тузилди

Саратон метастазларида яшовчи бактерияларнинг батафсил каталоги тузилди

Нидерландия саратон институти тадқиқотчилари саратон метастазларида яшовчи бактерияларнинг батафсил каталогини тузиб чиқдилар. Улар 4000 дан ортиқ ўсмаларни таҳлил қилиб, ушбу бактерияларнинг турлари ҳамда саратон ҳужайралари ва уларнинг атроф-муҳит билан қандай ўзаро таъсирга киришишини аниқладилар. Мисол учун, баъзи бактериялар иммунотерапияга акс таъсир қилиши мумкин.

🔬Ушбу тадқиқот бактерияларнинг саратон касаллигига (ёки терапиясига) қандай ёрдам бериши ёки тўсқинлик қилиши ва бундан беморлар учун қандай фойдали томонлари бўлиши мумкинлигини яхшироқ тушунишга кўмаклашади.

🥗 Инсон организмида миллиардлаб микроорганизмлар яшайди: бактериялар, вируслар ва дрожалар – бизнинг микробиомимиз. Биз уларга, улар эса бизга керак. Масалан, бактериялар еган овқатимизни ҳазм қилишимизда ёрдам беради ва патогенларга қарши курашиш учун иммунитетимиз билан бирга ишлайди. Айниқса, ичак бактериялари, жумладан, саратон мавзусида кенг ўрганилган. Масалан, улар иммунотерапия ва кимётерапия самарадорлигига таъсир қилиши мумкин.

🔹Аммо бу миттигина “қўшниларимиз” ичаклардан ташқарида ҳам яшайди. Жумладан, улар ўсмаларда ҳам учрайди. Янги усуллар туфайли тадқиқотчилар бу микробларни яхшироқ тушунишни бошлашди. Аммо бактериялар ўсимтага қандай кириб қолиши ва улар у ерда нималар қилиши кўп жиҳатдан номаълум бўлиб қолмоқда. Шу боис уларнинг касаллик ва даволаш самараси учун қанчалик муҳимлиги ноаниқ бўлган.

“Беморлар охир-оқибат метастазлар туфайли оламдан ўтишлари ва кўплаб даво чоралари айнан уларга қаратилганлиги сабабли олимлар гуруҳи айнан метастазларни диққат билан ўрганди, — дейди тадқиқотчи Томас Батталья. — Ахир, ўсмалардаги бактериялар ҳақида маълумотлар кам эди. Эндиликда эса саратон метастазларида мавжуд бўладиган бактериялар харитаси тузилди”.

📑 Тадқиқотчилар 26 турдаги саратоннинг 4000 дан ортиқ метастазлари тўқималарида мавжуд ДНК кодини таҳлил қилишди. Бу генетик материалдан нафақат инсон ҳужайралари, балки қандай бактериялар борлигини ҳам кўриш мумкин. Чунки уларда ҳам ДНК мавжуд.

📋 Олимлар бактериялар ва терапия самарадорлиги ўртасидаги боғлиқликни ҳам аниқладилар. Масалан, ўпка саратони билан оғриган ва метастазларида фузобактериялар бўлган беморларда иммунотерапия ушбу бактериялар бўлмаган касалларга қараганда ёмонроқ кечган.

“Бизнинг ишимиз ўсмаларга ёрдам бериши мумкин бўлган бактериялар билан курашишга йўналтирилган даво чораларининг янги шаклларини ўрганиш имконини беради, — дейди тадқиқот ҳаммуаллифи Айрис Мимпен. — Бу бизга ўсмаларнинг мураккаб муҳити қандай ишлашини тушунишга кўмаклашади, бу муҳитда барча турдаги ҳужайралар, шу жумладан бактериялар бирга яшайди ва бир-бирига ўзаро таъсир қилади”.

📌 Шунингдек, мавжуд бактериялар қанчалик хилма-хил бўлса, қўшни ўсимта ҳужайралари шунчалик фаол бўлиши аниқланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!